Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий натижалари таҳлили бўйича мулоҳаза юритадиган бўлсак, қўлга киритилаётган ютуқ ва муваффақиятларда иқтисодиёт тармоқларини модернизациялаш жараёнининг ўрни сезиларли даражада бўлмоқда. Бу борада енгил саноат тармоғига қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли, Ўзбекистон нафақат пахта хомашёси етиштирувчи, балки уни қайта ишлаш салоҳияти юксалиб бораётган давлатлар қаторидан жой олмоқда. Бугунги кунда енгил саноат ва тўқимачилик корхоналари техник, технологик жиҳатдан модернизация қилинаётганлиги, янги қувватлар ишга туширилаётганлиги республикада етиштирилган пахтани ўзимизда қайта ишлаш ҳажми ошишини таъминламоқда.
Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти И.Каримов таъкидлаганларидек, «Тўқимачилик саноатида экспортбоп рақобатдош маҳсулотлар тайёрлашга йўналтирилган, якуний ишлаб чиқариш шаклига эга бўлган янги, замонавий тўқимачилик комплексларини ривожлантириш устувор аҳамият касб этиши зарур». Айтиш мумкинки, «2011–2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида»ги қарор тўқимачилик соҳасини жадал тараққий эттиришда дастуриламал бўлмоқда. Мазкур ҳужжат билан тасдиқланган дастур доирасида ўнлаб янги инвестиция лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш, жумладан, тугалланган ишлаб чиқариш жараёнига эга вертикал интеграциялашган тўқимачилик мажмуаларини ташкил этиш кўзда тутилган.
Соҳа ривожига қаратилаётган эътибор, яратилган қулай инвестициявий муҳит қўлга киритилаётган ютуқларнинг муҳим омили бўлмоқда. Дарҳақиқат, мустақиллик йилларида соҳага ички ва ташқи инвестициялар жалб қилиниши кўплаб замонавий корхоналарга асос солиб, мавжудларининг реконструкция қилинишини таъминлади. Натижада, пахта хомашёсини ўзимизда қайта ишлаш ҳажми ортиб боришига эришилмоқда. Агар истиқлолнинг дастлабки йилида пахтанинг атиги етти фоизи маҳаллий корхоналарда қайта ишланган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 44 фоизга етказилди. Татбиқ этилаётган йирик лойиҳалар экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, ички бозорни рақобатбардош кийим-кечак ва бошқа истеъмол товарлари билан тўлдириш имконини бермоқда.
Айниқса, республикамизда 2015–2020 йилларда енгил саноатни ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилиб, амалиётга изчил жорий этилаётгани хорижликларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Чунки, унинг доирасида кўплаб янги қувватлар ишга туширилиши, қайта ишлаш ҳажми тобора ошиб, калава ип ишлаб чиқариш 218,3 минг тоннадан 562,8 минг тоннага, газлама тайёрлаш ҳажми эса 120 млн кв/метрдан 340 млн кв/метргача оширилиши кутилмоқда.
Юртбошимизнинг 2015 йил 4 мартдаги «2015–2019 йиллар учун ишлаб чиқаришнинг тузилмавий қайта тузилиши замонавийлашиши ва диверсификациясини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги фармонига кўра, тўқимачилик соҳасида умумий қиймати 918 млн доллар бўлган 77 та лойиҳа амалга оширилади. Унда мамлакатимизнинг турли ҳудудларида тўқимачилик мажмуаларини қуриш назарда тутилган. Мазкур дастурга мувофиқ, тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича мавжуд қувватлар икки мартадан зиёдроққа оширилади. Пировардида, улкан экспорт салоҳиятига эга Ўзбекистоннинг тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати хорижлик сармоядорларни янада кўпроқ жалб этиши, шубҳасиз.
Бунда тўқимачилик маҳсулотлари бозорида маркетинг тадқиқотини тўғри амалга ошириш, ишлаб чиқариш самарадорлигини юксалтириш, чет эл инвестициясини тегишли тармоқ ва соҳаларга кенг жалб қилиш, уларни оқилона жойлаштириш натижасида юқори даромад олиш, истеъмолчилар эҳтиёжини тўлиқ ва сифатли товарлар билан қондириш имкони яратилади.
Тўқимачилик корхоналари асосан калава ип, ипак ёки бошқа турдаги толалардан газлама материаллари ишлаб чиқаради. Иқтисодий барқарорликни таъминлаш мақсадида маҳсулот ишлаб чиқариш ва бошқа жараёнлар қўшиб олиб борилиши ушбу корхоналар фаолиятининг кенгайишига олиб келади. Масалан, тўқимачилик корхонаси ўз таркибида йигирув цехлари фаолиятини йўлга қўйиш орқали бошқа корхоналардан сотиб оладиган ипларни эндиликда ўзи ишлаб чиқариши мумкин. Бу ҳолат корхонага, биринчидан, ип ишлаб чиқариш жараёнидаги қўшилган қийматни сақлаб қолиш ва молиявий натижалари ўсишига; иккинчидан, ипга бўлган талабни бир маромда ва кафолатли қондириш эвазига ишлаб чиқариш барқарорлиги ва иқтисодий натижалари ошишига; учинчидан, ипнинг мақсадга мувофиқ сифатини таъминлаш орқали ўз газлама маҳсулотларининг сифати, бинобарин, рақобатбардошлик даражасини оширишга эришади. Бироқ, қайд этиш лозимки, корхоналарнинг кенг кўламли самарали ишлаб чиқаришини таъминлашга ҳаддан зиёд интилиш ўзини оқламайди, чунки, маҳсулот ишлаб чиқаришнинг барча технологик жараёнларини бир корхонада тўплашнинг асло имкони йўқ.
Тўқимачилик саноати корхоналари рақобатбардошлигини ошириш, шунингдек, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ассортиментини кўпайтиришда корхона турли фаолият соҳалари билан шуғулланиши шарт эмас. Одатда, бозор иқтисодиёти шароитида ягона, битта маҳсулот турини ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар барқарорлиги хавф-хатарнинг юқори даражаси билан тавсифланади. Сабаби, ушбу маҳсулот бозоридаги конъюнктуранинг салбий ўзгариши корхона фаолиятига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. Шунга кўра, корхона анъанавий тарзда ишлаб чиқараётган маҳсулотлари таркибини бозорда янги талаб шаклланган ва изчил равишда ўсиб бораётган маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳисобига кенгайтириши мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Бундай ҳолда бозордаги у ёки бу маҳсулотга бўлган талабнинг қисқариши ёки нархнинг пасайиши таъсирида пайдо бўлган йўқотишлар бошқа маҳсулотларга нисбатан талаб ёки нархнинг ўсиши ҳисобига қопланади.
Рақобатбардошликни ошириш кўпинча маҳсулот ва хизматлар сифатининг такомиллаштирилишига олиб келади. Чунки, ишлаб чиқарувчининг маҳсулот янги турларини ўзлаштириш билан бир қаторда уларнинг истеъмол хусусиятларини яхшилашга интилиши пировардида сифат даражасининг ўсишини таъминлайди. Бу эса, мазкур маҳсулот ва хизматлар сотиш ҳажмининг кўпайиши билан бирга уларни сотиш бозорларининг кенгайишига таъсир кўрсатади.
Тўқимачилик саноати корхоналари рақобатли маркетинг стратегияларини ишлаб чиқиш ва ривожлантириш нуқтаи назаридан тармоқдаги рақобатни тезкор муҳитнинг энг муҳим омили, деб ҳисоблаш мумкин. Тармоқни таҳлил қилишнинг энг муҳим элементларидан бири – бу, бозорни тадқиқ этишдир. Маркетинг бошқаруви тизимида маркетинг стратегияларининг таркибий қисмлари сифатида рақобат стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, албатта, бозорнинг конъюнктура таҳлиллари ўтказилишини, шунингдек, унинг рақобат муҳити диагностика қилинишини тақозо этади.
Ҳар бир корхона ўзининг маркетинг фаолиятини рақобат шароитларида амалга оширади. Локал бозорлар ёки битта географик сегментдаги корхоналар учун рақобатдан қочишнинг имкони йўқ. Шунда «рақобат кураши» остидаги фаолият, яъни фаолият тури маъносида рақобат амалга оширилади.
Маркетингда рақобатни таҳлил қилишнинг бир нечта йўналишлари шаклланган бўлиб, рақобат таҳлили ва бенчмаркингдан энг кўп фойдаланилади. Машҳур маркетолок олим Ассель Генрининг таърифига кўра, рақобат таҳлили рақобатчиларнинг кучли ва кучсиз томонларини баҳолашни ифодалайди. Кенгроқ талқинга кўра, рақобат таҳлили, бу – рақобатчиларнинг ҳаракатларини ўрганиш ва башорат қилиш, уларнинг потенциал имкониятларини аниқлаш, рақобатчи-товарлар рақобатбардошлигини баҳолашдир. Рақобат таҳлиллари барча рақобатчилар йиғиндисини тадқиқ этишга йўналтирилади. Бенчмаркетинг бу – алоҳида рақобатчиларнинг «илғор тажрибасини ўрганиш» бўйича фаолият тури ҳисобланади. Рақобат таҳлилида иккита комплексли йўналиш – ҳолатнинг рақобат таҳлили ва афзалликлари ўрганилади.