Аввало, электр энергияси истеъмол қамрови ва ишлаб чиқариш мураккаблиги жиҳатидан бебаҳо неъмат эканлигини эътироф этиш жоиз.
Ўзбекистон электр энергетикаси тизимига Энергетика вазирлиги тасарруфидаги электр энергиясини ишлаб чиқарадиган корхоналар («Иссиқлик электр станциялари» АЖ ва «Ўзбекгидроэнергия» АЖ), уни узатадиган юқори кучланишли магистрал тармоқлар («Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ), тақсимлаш тармоқлари («Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ) ҳамда истеъмолчилар киради.
Тизимнинг асосий мақсади истеъмолчиларни сифатли ва ишончли электр токи билан узлуксиз таъминлашдан иборат. Ана шу жараёнда асосий эътибор ушбу энергия нархини техник ва иқтисодий талаблардан келиб чиққан ҳолда максимал даражада камайтиришга қаратилади.
Мазкур тизимнинг бошқа ишлаб чиқариш соҳалари ва йўналишлардан фарқи ҳамда ўзига хос хусусияти шундаки, электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш ва истеъмол қилиш бир пайтнинг ўзида амалга оширилиши лозим. Бу ягона технологик жараён бўлиб, ҳар лаҳза улар ўртасида тенглик, яъни мувозанат ўрнатиш ниҳоятда муҳим вазифа саналади. Айни талаб бутун дунё электр энергияси тизимларига хос хусусиятдир.
Хўш, уни нималар билан изоҳлаш мумкин?
Бу саволга бериш учун, аввало, умумтаълим мактабларида ўқитиладиган физика дарслигига эътибор қаратайлик. Унда қайд этилишича, электр энергияси – бу зарядланган заррачаларнинг тартибли ҳаракати бўлиб, унинг тезлиги сониясига 300 000 километрни ташкил этади. Демак, маҳсулотнинг алоҳида тури сифатида таснифланадиган электр энергияси ишлаб чиқарилган заҳотиёқ, яъни сониянинг бир бўлаги ичида (миллисекундларда) истеъмол қилиниши керак. Сирасини айтганда, мувозанат сақлаш тизимнинг ишончли фаолияти кафолатидир. У тизим диспетчеридан ўз вазифасига юксак масъулият билан ёндашишни, вазиятга қараб ҳамда жуда қисқа фурсатда кескин ва қатъий чоралар кўришни талаб қилади.
Ёзнинг жазирама кунларида ёки қиш чилласи авжига чиққан дамларда электр энергиясига эҳтиёж кескин ортади. Бундай кезларда ҳатто ривожланган мамлакатларда ҳам истеъмол ва ишлаб чиқариш ўртасидаги энергия балансини таъминлаш ўта мушкул вазифага айланади. Йирик аварияларнинг – бутун мамлакат бўйлаб электр энергияси ўчишининг, шунингдек, истеъмолчиларни электр токи билан таъминлашдаги узилишларнинг олдини олиш учун электр таъминотида чекловлар жорий этишга тўғри келади. Диспетчерлик маркази мувозанат сақлаш жараёнини ўз вақтида таъминламаса, тизимдаги «зўриқиш» катта-катта ҳудудларда турли йирик авариялар рўй беришига олиб келиши эҳтимолдан холи эмас.
Электр энергияси таъминоти тизимидаги номутаносибликлар ҳамда юқори истеъмол туфайли келиб чиқадиган авариялар сабаблари бир неча кўринишда бўлиши мумкин. Масалан:
● ишлаб чиқариш қуввати пасайиши ёки тизимда истеъмол кўпайиши натижасида авария (нонормал) ҳолатида ишлаётган жиҳоз ва ускуналар носоз ҳолга келиб қолиши;
● тизимнинг асосий бўғинлари (автотрансформаторлар)да кучланиш пасайиши оқибатида генератор ва синхрон компенсаторлар фаолиятида реактив қувват юкламаси етишмаслиги (ёки ҳаддан зиёд юкланиши), уларнинг актив ва реактив кучлари нотўғри тақсимланиши, истеъмолчиларнинг тармоққа беҳад кўп уланиши, энергоузелларда қувват оқимлари кўпайиши;
● энергия истеъмоли интенсив ўсиши ва тизимлараро транзит қуввати ошиши боис тизимнинг айрим қисмлари генераторларида синхрон режим юзага келиши;
● тармоқлараро тизим ва тармоқ ичидаги транзит электр узатиш линиялари ҳамда ускуналарида қувват оқимларининг максимал қийматидан ошиб кетиши ва тизимдаги бошқа беқарорликлар йирик аварияларга доялик қилиши.
Модомики, энерготизимда мувозанат сақлаш шунчалик муҳим вазифа экан, жорий талабларга риоя қилинмагани туфайли рўй берган йирик аварияларни эслатиш жоиз. Қолаверса, электр таъминотига айрим чекловларни киритиш орқали қандай талафотлар ва кўнгилсизликлар олдини олиш мумкинлигини истеъмолчиларга тушунтириш фойдадан холи бўлмайди.
Жаҳон электр энергияси тизимларидаги йирик авариялар ва уларнинг маънавий, моддий ҳамда экологик зарарлари ҳақида эса кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Масалан, 2005 йил 25 майда Москва шаҳридаги «Чагино» подстанциясида бўлган авария Россия тарихида 7 миллион аҳолини электр токидан маҳрум қилган энг катта талафот, деб баҳоланган. Бу фавқулодда вазият нафақат пойтахтдаги, балки унинг жануби-ғарбидаги ҳудудларда ҳам электр таъминоти тизимини издан чиқарди. Сирасини айтганда, эрталабки юқори истеъмол оқибатида юзага келган айни ҳолат баъзи жойларда юқори кучланишли электр узатиш линиялари автоматик равишда каскадли ўчиши билан якунланди. Расмий маълумотларига кўра, Москва шаҳри ва вилоятидаги истеъмолчиларнинг қарийб 26 фоизи, Тула вилоятидаги аҳоли ва саноат объектларининг 87 фоизи, Калуга вилоятидаги истеъмолчиларнинг 22 фоизи электр токисиз қолди. Рязань ва Смоленск вилоятларида ҳам тизимдан қисман узилишлар кузатилди.