Ўзбекистон Республикаси минерал-хомашё базаси ривожида уран саноати ҳам муҳим ўрин тутади. Хусусан, Республикамиз уран хомашёси захиралари ва уни қазиб олиш бўйича дунёнинг етакчи давлатлари қаторидан жой олган. Маълумки, уран захираларини аниқлаш ва ўрганишда геология-қидирув ишларининг ўрни беқиёс.
Уран фойдали қазилма сифатида атом энергетикаси, тиббиёт, илмий тадқиқотлар ва бошқа соҳалар учун муҳим хомашё манбаи бўлиб, бугунги геосиёсий вазият ҳамда энергоресурсларга бўлаётган юқори эҳтиёждан келиб чиқиб мазкур фойдали қазилма учун талаб янада ортиб бормоқда.
Уран захираларини тайёрлаш ва қазиб олиш жараёнларида геология қидирув босқичида аниқланган маълумотлар асосий аҳамиятга эга бўлиб, бу босқичда захираларни аниқлаш, уларни баҳолаш ҳамда кондан самарали фойдаланиш бўйича барча зарурий маълумотлар тўпланади.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида уран минерал хомашё базасини шакллантириш ва мустаҳкамлаш 70 йилдан ортиқ вақт мобайнида «Уранкамёбметгеология» АЖ (собиқ «Қизилтепагеология» ДГК) томонидан амалга ошириб келинган.
Сўнгги йиллар республикамизда геология соҳасида туб бурилишлар, янгиланишлар даври бўлди, десак янглишмаган бўламиз. Соҳани модернизация қилиш ва рақамлаштириш, геологик қидирув кўлами ва самарадорлигини ошириш, янги геология тизимини яратиш ва уни ривожлантириш, табиий ресурсларни халқимиз манфаатига йўналтириш, биринчи навбатда, геологик илм-фанни янада ривожлантириш ва замонавий кадрлар тайёрлашга замин яратишни мақсад қилган бир қатор қарорлар қабул қилиниб, замонавий бурғилаш ва лаборатория ускуналари ишлаб чиқаришга жорий этилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 14 июлдаги «2022-2030 йилларда «Навоийуран» давлат корхонасида уранни қазиб олиш, қайта ишлаш ҳажмларини ошириш ҳамда уни трансформация қилиш чора-тадбирлари тўғрисидаги ПҚ-319-сонли қарори билан «Уранкамёбметгеология» АЖ «Уран ва камёб металлар геологияси» илмий ишлаб чиқариш маркази сифатида «Навоийуран» давлат корхонаси таркибига киритилди ҳамда корхона бугунги кунда уранга геология-қидирув ишларидан тортиб уни қазиб олиш ва қайта ишлаш каби барча босқичларни ўз ичига олган яхлит корхонага айлантирилди.
Мазкур қарорда белгиланган чора-тадбирларни бажариш ва кўрсатмаларни амалиётга жорий этиш натижасида 2022 йил 1 ноябрда асосан уранга геология-қидирув ишлари билан фаолият юритиб келаётган «Уранкамёбметгеология» АЖ «Навоийуран» ДК таркибига «Уран ва ноёб металлар геологияси» илмий-ишлаб чиқариш маркази (Марказ) сифатида бирлаштирилди. Натижада «Навоийуран» давлат корхонаси уран захираларини излаш, баҳолаш, қазиб олишдан тортиб, уран чала оксидини ишлаб чиқаришгача бўлган барча босқичларни ўз ичига олган тўлақонли ташкилотга айлантирилди.
Бугун «Уран ва ноёб металлар геологияси» илмий-ишлаб чиқариш маркази таркибида республиканинг шимолий, марказий ва жанубий қисмларида алоҳида геология-қидирув ишларини олиб борувчи Навоий ва Самарқанд вилоятларида жойлашган 3 та – «Букантау», «Нурота» ва «Зирабулоқ» геология-қидирув экспедициялари ҳамда Геология қидирув партияси фаолият юритмоқда. Шунингдек, мазкур экспедицияларнинг дала геологик лойиҳалари натижалари асосида олинаётган тоғ жинслари, маъдан таркибларини, технологик эритмаларнинг аналитик таҳлилларини амалга ошириб келаётган Геологик лаборатория мажмуаси геология-қидирув ишларида хизмат қилиб келмоқда.
Бир сўз билан айтганда, республиканинг барча ҳудудларида хусусан, Марказий Қизилқум, Зиявутдин-Зирабулоқ, Сирдарё ботиқликлари каби уранга ихтисослашган минтақаларида машаққатли ва шарафли касб соҳиблари бўлган геологлар, геофизиклар, геотехнологлар, бурғиловчи мутахассислар ва топограф-маркшейдерлар ўз тажриба билимлари асосида меҳнат қилишмоқда.
Геология-қидирув экспедицияларининг мутахассислари томонидан уран минерал хомашё базасини мустаҳкамлаш ва уран ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун геология-қидирув ишларининг барча босқичларида корхонанинг 70 йиллик тажрибаларида тўпланган малакаларни қўллаган ҳолда амалга оширилмоқда.
Юртимиз ҳудудларида олиб борилган тадқиқотлар натижасида ерости бойликларининг захира ва прогноз ресурслари йилдан-йилга ошириб борилмоқда.
Ўтган даврлар давомида давлатимиз раҳбари ҳамда Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги раҳбарияти бошчилигида истиқболли геология майдонларини ўзлаштириш, геология-қидирув ва ишлаб чиқариш дастурларининг натижалари, ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда республика минерал хомашё базасини кенгайтириш каби масалаларда соҳа мутасаддилари иштирокида йиғилишлар ўтказилиб, тегишли йўналиш ва кўрсатмалар бериб келинмоқда. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, мамлакатимизнинг ўсиб бораётган иқтисодиётини ресурслар билан таъминлашда геология соҳаси стратегик аҳамиятга эга эканлиги бугун ўз исботини топмоқда.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли замонавий ислоҳотлар барча жабҳалар қатори уран хомашёсига геология-қидирув ишлари, қазиб олиш ва қайта ишлаш ҳажмини ошириш борасида ҳам туб ўзгаришларга сабаб бўлиб, ўзининг ижобий натижаларини бериб келмоқда.
Соҳани модернизация қилиш, қўшимча 20 дан ортиқ бурғилаш дастгоҳлари хариди ва бурғилаш ишларидаги операцион самарадорликни ошириш ҳисобига олиб борилаётган ишлар унумдорлиги оширилиб, қўшимча геологик маълумотлар олишга эришилмоқда.
Корхона олдига қўйилган вазифаларни ўз вақтида бажарилишини таъминлаш, уран захираларини ўстириш ва қазиб олиш ҳажмларини кескин ошириш учун зарур бўлган технологик ва геология-қидирув бурғилаш ишларини амалга ошириш учун маҳаллий ва чет эл ихтисослашган бурғилаш компаниялари аутсорсинг шартлари асосида жалб этилмоқда.
Бунинг натижасида геология-қидирув ишларининг кўлами кенгайтирилиб, 40 дан ортиқ лойиҳалар доирасида изланишлар олиб борилди. Хусусан, республиканинг кам ўрганилган Букантов тоғ тизмалари шимолий қисмлари ва Сирдарё ботиқликларида илк маротаба геология-қидирув ишлари натижалари асосида Жиззах вилоятининг Фориш туманида янги «Арнасой» истиқболли майдони, «Навоийуран» давлат корхонаси геологларининг изланишларидаги янгича қарашлар натижасида Навоий вилоятида Қизилқоқ, Ауминза каби янги истиқболли майдонлар аниқланди.
Соҳага берилаётган эътибор ва мутахассисларнинг тинимсиз меҳнати натижасида 2024 йилда «Шимолий Букиной», «Жанубий-Шарқий Жингелди» ва «Оқтов» конларида олиб борилган геология-қидирув ва тажриба-саноат ишлари асосида ушбу конлар захиралари тўлиқ ўрганилиб, конларнинг якуний геологик ҳисоботлари ва техник иқтисодий асосларини умумлаштирувчи якуний геологик ҳисобот тайёрланди.
Якуний ҳисоботлар Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги Давлат захиралар комиссиясида кўриб чиқилиб, мазкур конлар ўзлаштиришга тайёр, деб топилди ва захиралари тасдиқланди.
Шерали ЖЎРАЕВ, «Навоийуран» ДКнинг Геология бўйича директори
Fikr bildirish