Бугунги глобаллашув жараёнлари ахборот-коммуникация технологиялари ахборот олиш, уни қайта ишлаш ва тарқатиш бўйича тобора қулайлик касб этаётгани, ижтимоий ҳаётимизга ҳар жиҳатдан чуқур кириб бораётгани одатий ҳолга айланмоқда. Бу ўринда ахборот коммуникациялари, компьютер технологиялари ва интернет тармоғининг роли беқиёс.
Китоб – кишиларнинг маънавият ва маърифатини юксалтиришда, тафаккури бойишида энг самарали восита ҳисобланади. «Мен ўзимдаги барча яхши фазилатлар учун китобдан миннатдорман», деган эди бир мутафаккир. Китоблар аслида халқнинг тарихи ва келажаги, ҳаёт шамчироғидир. Дарҳақиқат, китоб ёрдамида, мутолаа орқали инсон билим олади, дунёқараши шаклланади, фикри чархланиб, камолотга йўл очади. Мобиль телефон, интернет тармоғи каби ахборот воситалари ҳаётимизга қанчалик шиддат билан кириб келмасин, ижтимоий ҳаётимизда китобга муносабат ҳеч қачон ўзгармайди. Ҳар қандай шароитда у бизнинг абадий ҳамроҳимиз бўлиб қолаверади. Ўзбекистонда китобхонликка, умуман нашриёт, оммавий ахборот воситалари – газета ва журналлар фаолиятига давлат сиёсати даражасида эътибор берилмоқда. Бинобарин, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 январдаги «Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида»ги фармойиши бу борада ҳали кўп ишларни амалга ошириш зарурлигини кўрсатмоқда.
Ёшлик – китоб ўқиб, билим олиш учун берилган катта имконият палласи. Зеро, ёшликда олинган билим тошга ўйилган нақш кабидир, деб бежизга айтилмаган. Фарзандларимизни шу олтин даврда китобга ошно этиш, унга муҳаббат уйғотиш бўйича республикада тизимли ишлар амалга оширилаётгани жамиятимиз ютуғи. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Тошкент шаҳри, 12 та вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида «Камолот» ЁИҲ Марказий кенгаши, Ёзувчилар уюшмаси, Маънавият ва тарғибот маркази, ҳокимликлар билан бирга ташкил этилаётган семинарлар, ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини шакллантиришга доир учрашувлар мамлакатимизнинг эртанги равнақи учун қаратилган. Илк бора пойтахтимизда очилиб, анъанавий тарзда вилоятларда ҳам қанот ёйган «Китоб олами» савдо мажмуаси фаолияти шу муқаддас вазифани амалга оширишга қаратилган тадбир эканлиги билан эътиборли.
Дунёда кучли ахборот оқимлари кеча-ю кундуз ўз ғояларини оммавийлаштиришга интилаётган, турли гуруҳлар хуружлари авж олаётган паллада ёшларни улар таъсиридан асраш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашишда китоб энг яқин ёрдамчидир. Бу борада АКТнинг жадал суръатлар билан ривожланиши аҳоли, айниқса, ёшлар билимини оширишда, дунёқарашларини шакллантиришда муҳим роль ўйнамоқда.Улар ўзлари учун зарур бўлган маълумотларни олишда, танлаган соҳаларида тадқиқот ишини амалга оширишда унинг имкониятларидан самарали фойдаланмоқдалар.
Мамлакатимизда аҳолининг барча қатламлари, айниқса, ёшлар учун қарийб барча ўқув муассасалари қошида «Ахборот-ресурс маркази» ташкил этилган бўлиб, унда талаба ёки китобхон исталган китобига буюртма бериши ва қулай шароитларда фойдаланиши мумкин. Шу билан бирга, қулайликлардан яна бири сифатида мазкур марказларда илмий-оммабоп, бадиий, тарихий китоблар, турли нашрларнинг электрон шакли мавжудлигини қайд этиб ўтиш жоиз. Шубҳасиз, барча соҳа ва тармоқларнинг автоматлаштирилиши ва ахборотлаштириш тизимига ўтаётгани китобларнинг электрон шаклини яратишни тақозо этмоқда.
Ахборот технологиялари тобора тараққий этгани сари электрон нашрларга талаб ва эҳтиёж ўз-ўзидан ошиб бориши табиий ҳол. Мавжуд марказларда фойдаланувчилар учун кенг, ёруғ ва шинам ўқув заллари билан бир қаторда қўшимча қулайликлар ҳам яратилган. Китобхонлар шу ернинг ўзида даврий нашрлардан, компьютер ва интернет тармоғидан фойдаланиш имкониятига эга.
Хусусан, биз фаолият юритаётган марказда яратилаётган электрон нашрлар кўплаб афзалликларга эгалиги боис, мижозларимиз сони тобора ортиб бормоқда. Энг асосийси, электрон китобдан фойдаланаётган ўқувчиларнинг кўз нурига зиён етмайди, ишлатишда ўта қулай, яъни ҳарфларни исталган шаклда ўқиш мумкин, варақлар эса автоматик тарзда алмашади. Нархи арзон, турли хил форматдаги файллардан фойдаланиш муддати 15–20 кунга етиши билан ажралиб туради.
Мутахассисларимиз мавжуд қулайликлар билан чекланиб қолмасдан, китобхонларга янада кенг имкониятлар, шарт-шароитлар яратиш мақсадида доимо изланишда. Яна бир қулайлик – электрон нашр фойдаланувчиси талабини қисқа фурсатда бажаришга қодир, жуда тез ишловчи механизм яратилди. У тизимли равишда ҳаракатланиб, асосий жиҳати: бир нусхадаги ноёб адабиётларни тўла-тўкис сақлаш билан бирга, бир вақтнинг ўзида бир нусхадаги китобнинг электрон кўринишини бир қанча фойдаланувчиларга тақдим этиш имконини беради.
Абонентларга хизмат энг аввало, китобга буюртма бериш ва уни қабул қилишдан бошланади. Яъни, кутубхоначи буюртмани олгач, Kadata дастурида китобнинг Barcode аниқланади, у орқали серверлардан китобнинг электрон шакли E-bookларга юкланади ва фойдаланувчига тақдим этилади. Бу жараён вилоят ахборот кутубхона марказининг ўқув залларида қисқа муддатда амалга оширилади.
Шу ўринда қайд этиш жоиз, фондимиздаги баъзи адабий-бадиий, илмий ва оммабоп китобларнинг электрон шаклини яратиш жараёнида баъзи камчилик ва муаммоларга дуч келяпмиз. Айрим адабиётларнинг бир нусхада эканлиги бизда унинг тўлиқ ёки тўлиқмаслигига шубҳа уйғотса, баъзи китоблар узоқ муддат фойдаланилгани боис яроқсиз ҳолга келган. Бошқаларида баъзи саҳифа ва матнларнинг хиралашганлиги унинг электрон шаклини яратишда бир қанча қийинчиликлар туғдирмоқда. Бунда энг ачинарли ҳолат шуки, фондимиздаги нодир, ноёб адабиётларга вақт ўз таъсирини кўрсатган. Лекин, шунга қарамай, мавжуд муаммоларни ўз кучимиз ва ички имкониятларимиз даражасида ҳал этиб келяпмиз. Мазкур муаммони ечишда, албатта, аҳил жамоанинг йиллар давомида тўплаган тажрибаси, аниқ мақсадни кўзлаб меҳнат қилиши ижобий самара бермоқда.
Биз, китобхонларнинг қизиқишларини доимо ҳурмат қилган ҳолда, қолаверса, талаб ва эҳтиёжларини ҳисобга олиб, иш жараёнимизга янги инновацион ғояларни татбиқ этишни бош мақсадимизга айлантирганмиз. Айни пайтда фойдаланувчиларга электрон китоблар (Е-боок) ёрдамида хизмат кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш устида амалий ишлар олиб борилмоқда.
Китоб – билим манбаи. Уни кўз қорачиғидек асраш, ҳар жиҳатдан эъзозлаш, келажак авлодларга етказиш ҳар биримизнинг маънавий, қолаверса, инсоний бурчимиздир. Китоб мутолааси ҳеч қачон ўз қадр-қимматини йўқотмайди.
Зеро, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таъбирлари билан айтганда: «Эртанги кунимизнинг қандай бўлиши бугун биз фарзандларимизга бераётган таълим-тарбияга боғлиқ».
Акмал АБДУРАЗЗОҚОВ,
Сирдарё вилояти ахборот-кутубхона
маркази сектор мудири