Belgilangan chora–tadbirlar ijrosi

     Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий Кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамда партия Тошкент шаҳар Кенгаши ҳамкорлигида “Ўзбекистон мустақиллик йилларида. Биз ким эдик ва ким бўлдик?” мавзусида семинар ташкил этилди, – деб хабар бермоқда 12news.uz ўз сайтида.
 
     Мақолада ёзишларича, мазкур тадбирда партия Марказий Кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлардаги ЎзМТДП гуруҳи аъзолари, партия “Аёллар қаноти” ва “Ёшлар қаноти” етакчилари, ҳуқуқшунос, адабиётшунос ва тарихчи олимлар, мутахассислар, талаба-ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
     Семинарда муҳтарам Юртбошимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида белгиланган устувор вазифалардан келиб чиқувчи Ўзбекистон “Миллий тикланиш” ДПнинг чора-тадбирлари белгиланган бўлиб, унинг асосида марказий ҳамда ҳудудий партия ташкилотларида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
     Тадбирда таъкидланганидек, истиқлол шарофати билан тарихан қисқа даврда Ўзбекистон иқтисодиёти тез суръатлар билан ривожланиб, куч-қудрати ва салоҳияти ҳар томонлама юксалиб бораётган мамлакатга айланди. Мустақиллигимизнинг ўтган 24 йили том маънода муҳтарам Юртбошимиз раҳнамолигида тараққиётнинг «ўзбек модели» асосида жамиятимизнинг барча жабҳаларида ривожланиш, халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш, халқаро ҳамжамиятда давлатимиз нуфузини юксалтириш ва энг муҳими тинчлик, осойишталик барқарор бўлган эркин фуқаролик жамиятини қуриш даври бўлди. Президентимиз ташаббуси билан бу йилги байрамни «Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним — Ўзбекистоним!» шиори остида кутиб олаётганимиз замирида, туб моҳиятида ҳам мустақилликнинг нақадар улуғ неъмат эканлиги, шу улуғ ва муқаддас Ватанда ўтаётган тинч-осуда ҳаётимиз, фаровон турмушимизнинг қадрига етиш, уни асраб-авайлашдек, улуғ ғоя ва мақсад мужассамдир. Шу боис ҳам истиқлол тантаналарини нишонлашга бағишланган партия тадбирларида ушбу эзгу ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маданий-маънавий ҳамда тарғибот-ташвиқот ишларига алоҳида эътибор қаратиш кўзда тутилган.
     Қайд этиб ўтилганидек, ЎзМТДП тизимида бу каби тарғибот тадбирларининг таъсирчанлигини таъминлаш, демократик янгиланишлар моҳиятини аҳолига атрофлича тушунтириш, эл орасида ҳурмат ва эътиборга сазовор кишилар, кўпни кўрган нуроний кексалар, олимлар ва тажрибали партия фаоллари иштирокида турли учрашувлар ташкил этилмоқда. Шу орқали мустақилликнинг ҳар бир инсон учун олий бахт, уни асраб-авайлаш фарзандлик ва фуқаролик бурчи эканини тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
       Давра суҳбатида сўзга чиққанлар истиқлол йилларида эришилган ютуқлар замирида халқимизнинг ўзаро бирдамлиги, фидокорона меҳнати ётгани, халқаро миқёсда эътироф этилаётган ютуқ ва марралар осонлик билан қўлга киритилмаганини айтиб ўтишди. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, янгиланиш ва демократик жараёнлар халқимиз ҳаёти ва турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилаётгани алоҳида эътироф этилди.
     Дарҳақиқат, мустақиллик биз учун миллий давлатчилигимизни, ўзлигимиз, инсоний ҳақ-ҳуқуқ ва қадр-қимматимизни тиклаш, урф-одат ва анъаналаримизни, буюк аждодларимизнинг табаррук номларини улуғлаш, соғлом ва баркамол янги авлодни шакллантириш бўйича илгари тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган беқиёс имкониятларни яратиб берди.
     Бунга бир қатор ютуқларни, рақамларни ва амалий ишларни мисол сифатида келтириш мумкин. Жумладан, яқин ўтмишда қолоқ аграр республика бўлган, иқтисодиётининг асосини пахтачилик ва пахтани қайта ишлаш корхоналари ташкил этган Ўзбекистон бугунги кунда саноати тез суръатлар билан ривожланиб бораётган давлатга айланди. Замонавий ишлаб чиқариш тармоқларини барпо этиш ҳисобидан иқтисодиётда саноатнинг улуши 25 фоизга етди. Экспортбоп ва рақобатдош маҳсулотларнинг 60 фоиздан ортиғи юқори технологияларга асосланган соҳаларда ишлаб чиқарилмоқда.
     Шу билан бирга, тадбирда эътироф этилганидек, тарихан қисқа даврда мамлакатимиз иқтисодиёти 5,5 баробардан кўпроқ ўсди. Аҳолининг реал даромадлари жон бошига ҳисоблаганда қарийб 9 баробар ошди. Биз учун мутлақо янги бўлган автомобилсозлик, нефть ва газ кимёси, нефть-газ машинасозлиги, замонавий қурилиш материаллари саноати, темир йўл машинасозлиги, маиший электроника, фармацевтика, юқори технологияларга асосланган озиқ-овқат ва тўқимачилик саноати каби соҳа ва тармоқларга асос солинди. 1990 йилда мамлакатимиз аҳолисининг озиқ-овқат товарлари, аввало дон, картошка, гўшт, сут ва қандолат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи импорт ҳисобидан қопланган бўлса, ҳозирги вақтда уларнинг 96 фоизи ўзимизда ишлаб чиқарилмоқда.
     Мамлакатимизда замонавий билим ва касб-ҳунарларни чуқур эгаллаган, мустақил фикрлайдиган, ўз она юртига меҳр ва садоқат туйғуси билан яшайдиган, ҳеч кимдан кам бўлмайдиган, ҳал қилувчи куч бўлиб майдонга чиқаётган янги авлодни тарбиялаш мақсадида фақат сўнгги 5 йилда мамлакатимизда 278 та болалар мусиқа ва санъат мактаби, 523 та спорт иншооти ва 100 дан зиёд сузиш ҳавзалари қурилди ва реконструкция қилинди. Бугунги кунда 2 миллион нафар ёшлар, жумладан, 840 мингдан ортиқ қизлар спорт билан мунтазам шуғулланмоқда.
     Шунингдек, Ўзбекистон эришаётган ютуқ ва марралар дунё ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилаётгани муҳим аҳамиятга эгадир. Хусусан, Жаҳон иқтисодий форуми томонидан эълон қилинган рейтингда иқтисодиёти энг тез ривожланаётган давлатлар орасида мамлакатимиз 5-ўринни эгаллади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти кўмагида АҚШнинг Колумбия университети томонидан ташкил этилган ижтимоий тадқиқотлар асосида эълон қилинган “Бутунжаҳон бахт индекси”да Ватанимиз 158 та мамлакат ўртасида 44-поғонани, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари орасида 1-ўринни эгаллади.
     Тадбир иштирокчилари таъкидлаганларидек, юртимиздаги бу каби барқарор юқори иқтисодий ўсишлар, аҳоли даромадлари ва турмуш даражасининг юксалиши – барча-барчаси тинчлик туфайли таъминланаётганини барчамиз юксак қадрлашимиз ва уни мустаҳкамлаш учун курашишимиз даркор. Зеро, турли минтақа ва ҳудудларда хавф-хатар ва таҳдидлар тобора кучайиб бораётган таҳликали замонда доимо огоҳ, сергак ва ҳушёр бўлиб яшаш, сафарбарлигимизни янада ошириш – бугун ҳаётнинг ўзи барчамиздан талаб қилаётган энг муҳим ва долзарб вазифадир.
     ЎзМТДП Ахборот хизмати билдиришича, семинар сўнгида ЎзМТДПнинг қуйи ташкилотлари томонидан жойларда Мустақиллик байрамига бағишлаб ўтказилаётган тадбирлар таъсирчанлигини ошириш бўйича тавсиялар берилди, чора-тадбирлар белгилаб олинди, – дейди мақола муаллифи.

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI