Betakororimsan, yagonasan, ona vatanim – O‘zbekistonim!

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 24 йиллигига  
ҚАШҚА ВОҲАСИНИНГ  ЗУМРАД ГАВҲАРИ  
     Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 февралдаги «Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида объектларни қуриш ва реконструкция қилишга доир комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқди. Қарор билан тасдиқланган дастур доирасида Шаҳрисабзнинг юртимиз ижтимоий ва маданий тараққиётидаги аҳамиятини янада ошириш, уни замонавий туризм марказига айлантириш учун мавжуд инфратузилма иншоотларини янгилаш ва реконструкция қилиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда, – деб ёзади qashqadaryogz.uz сайти муаллифи. Мақолада аётилишича, Амир Темур майдонини, унинг ён-атрофидаги ҳудудни янада кенгайтирилди, Оқсарой комплекси билан Дорус-саодат, Дорут-тиловат, Чорсу бозори, Кўкгумбаз масжиди каби тарихий обидаларни боғлаб турадиган янги, бетакрор хиёбон барпо этилмоқда. Бу ердаги одамни диққинафас қиладиган бетон майдонлар ўрнида гулзорлар билан ўралган яшил ҳудуд барпо бўлаяпти. Хиёбонга Бельгиядан келтирилган дейдия, экзохорда, форзиция, қрим қора қарағайи, вяз, барбарис, жасмин, чибушник, пироканта, спирия, липа, калина, вейгела каби 60 турдаги манзарали дарахт ва гул кўчатлари ўтқазилди. Уларнинг  баравж ривожланаётгани эса хиёбон ҳадемай фусункор манзара касб этишидан дарак беради.
     Аллеянинг безатилиши ҳам оддий ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларидан бутунлай фарқ қилади. Унда ландшафт дизайнига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хиёбонда бир неча рангин фавворалар, суҳбат қуриш учун айвончалар, маданий объектлар қад ростлаяпти. Улар ҳар қандай таъби нозик сайёҳни ҳам ром этиши шубҳасиз.
     Шаҳрисабз шаҳрининг Ипак йўли кўчаси бугун бутунлай ўзгача қиёфа касб этган. Бу ерда тижорат банклари буюртмаси асосида 16 та кўп қаватли турар жой қад ростлади. Айни пайтда уларда сўнгги пардозлаш ишлари давом этмоқда. Уйларнинг биринчи қаватидан савдо дўконлари, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ўрин олган. Бу уйларда аҳоли учун барча қулайлик яратилиши кўзда тутилган. Кўчанинг икки четидан қатор қилиб қурилган уйлар шаҳарнинг кўркига кўрк бўлиб қўшилган.
     -Келгусида Шаҳрисабз янада кўркамлашади, – дейди туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Абдурасул Сафаров. – Чунки бундай замонавий уйлар сони янада ортади. Ҳозир 16 та уйда қурилиш ишлари ниҳоясига етаётган бўлса, яна 17 та кўп қаватли уйни бунёд этиш ишлари бошлаб юборилган.
     Айтиш керакки, Шаҳрисабзда бунёдкорлик ишлари бу билан чекланиб қолмаган. Хусусан, шаҳарнинг йўл-транспорт инфратузилмасини яхшилаш мақсадида ҳам катта ҳажмда ишлар бажарилаяпти. Бунинг учун 2014 – 2018 йилларда 560 миллиард 300 миллион сўмлик ишлар бажарилиши белгиланган. Айни пайтда Қаршидан Шаҳрисабзга олиб борадиган йўлнинг дастлабки қисми ҳамда кичик ҳалқа йўлида кенг кўламдаги қурилиш ишлари давом этмоқда.
– 6 тасмадан иборат кичик ҳалқа йўлининг бир қисмида ишлар якунланди, – дейди Чироқчи йўл хўжалиги фойдаланиш-таъмирлаш корхонаси раҳбари Баҳодир Қулбулов. – Йўл бўйлаб 8 та жойда турли ер ости кабеллари, ичимлик суви тармоқлари олиб ўтишга мўлжалланган объектлар қурилди. Йўлнинг четига лотоклар ётқизилди. Йўлсозларимиз ўзлари иш олиб бораётган кичик ҳалқа йўли ҳамда Баҳодир Тарағай, Некўз, Шерозий кўчаларида қурилишни сифатли қилиб бажаришга алоҳида эътибор қаратишган.
     Дастур доирасида 129 километрлик «Қарши-Шаҳрисабз» автомагистрали тўрт тасмалига айлантирилмоқда. Шаҳарнинг Беруний, Низомий, Пахтакор кўчалари йўлининг 8,5 километрлик қисми бутунлай янгиланаяпти.  Жами 150 километр ички йўллар кенгайтирилаяпти. Шунингдек, «Шаҳрисабз» бош автобекатини қайта реконструкция қилиш, «Гулистон» массивида янги автобекат қуриш ишлари амалга оширилади. Ички йўлларда йўловчиларга хизмат кўрсатиш мақсадида 95 та «Isuzu» русумли автобус сотиб олиш режалаштирилган. Бу, албатта, шаҳар аҳолиси учун янада қулайлик яратади.
     Шаҳарнинг муҳандислик тизимларини модернизация қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Шунга кўра, шаҳардаги газ таъминотини яхшилаш мақсадида 8 та ўрта босимли газ тақсимлаш шохобчаси юқори босимлисига алмаштирилиб, Синабоғ, Дўстлик, Маърифат каби бир қанча маҳаллаларда табиий газ таъминоти сифатини ошириш учун 4,6 километр қувур тортилди.
     Эзгу ташаббус билан амалга оширилаётган бундай бунёдкорлик ишлари, Юртбошимиз таъбири билан айтганда, Шаҳрисабзнинг наинки мамлакатимиз, балки минтақамиздаги энг гўзал ва обод шаҳар бўлишига хизмат қилади, – деб фикрини якунлайди мақола муаллифи.
 

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.