Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки Бош офиси биносида, Хитой Давлат Тараққиёт банки ҳамда Миллий банк ҳамкорлигида «Қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантиришни қўллаб-қувватлашда молиявий ҳамкорлик» мавзусида семинар уюштирилди.
Тадбирда Хитой Давлат Тараққиёт банкининг Департамент директорлари, бўлим бошлиқлари, менежерлари, «ХДТБ-лизинг» компанияси раҳбарияти, Миллий банкнинг Департаментлари директор ва ходимлари, «Ўзбек Лизинг Интернейшл» акциядорлик жамиятининг раҳбар-ходимлари, «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларинининг экспортини қўллаб-қувватлаш Жамғармаси» вакиллари иштирок этди.
Семинарда, Хитой Давлат банкининг амалиёти ва концепцияси, халқаро молия ҳамкорликлари доирасида кредит линияларини тақдим этиш ҳамда мамлакатнинг иқтисодий тараққиётида Миллий банкнинг роли сингари мавзулар муҳокама қилинди. Қишлоқ хўжалиги соҳасини тарраққий эттириш борасида ХДТБ томонидан амалга оширилган ишлар, уларнинг самараси ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Маълумки, ҳар қандай мамлакатда ҳам олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг муваффақияти кўп жиҳатдан қишлоқ хўжалигининг ривожланиш даражасига боғлиқ. Чунки қишлоқ хўжалиги мамлакат учун ҳам сиёсий, ҳам ижтимоий ва иқтисодий аҳамият касб этган соҳадир. Қишлоқ хўжалиги нафақат аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда, балки иқтисодиётнинг бошқа соҳаларини ривожлантиришда ҳам муҳим ўрин тутади.
Шунингдек, тадбирда молиявий лизингнинг Хитой Давлат банки фаолиятидаги ўрни ва Ўзбекистонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ривожлантиришдаги восита сифатидаги роли ҳам муҳокама этилди.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, Ўзбекистонда инвесторлар учун, ўта қулай инвестицион муҳит, имтиёз ва преференсиялар тизими яратилган. Иқтисодиётимизга жалб қилинаётган хорижий инвестициялар ҳажми йилдан йилга ортиб бораётгани ҳам бунинг ёрқин далилидир. Айниқса, хориждаги машҳур фирмалар билан алоқаларнинг йўлга қўйилаётгани, замонавий мелиорация техникаларини ишлаб чиқариш ва таъмирлашни ташкил қилиш масалаларидаги ҳамкорликлар ҳам тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.
Қолаверса, миллий иқтисодиётимизнинг муҳим бўғини — аграр секторни янада ривожлантириш, қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, фермерлик ҳаракатини қўллаб-қувватлашда молия институтлари муҳим ўрин тутаётгани ҳеч биримизга сир эмас. Хусусан, банкларнинг хизматлари нафақат корхоналарнинг иқтисодий ўсишини, балки аҳоли фаровонлигини ошириш, янги иш ўринларининг кўпайишига ҳам сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Бу борада Ўзбекистон Миллий банкининг ҳам ижобий натижаларга эришаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Семинарда ХДТБ Лойиҳаларни текшириш ва баҳолашни бошқариш Департаментининг бўлим бошлиғи Хэ Цзяньи, Ўзбекистон Миллий банки Лойиҳаларни молиялаш маркази директори Ж.Арипов ва яна бошқа бир қатор мутасаддилар томонидан Халқаро молиявий ҳамкорлик доирасида кредит линияларни тақдим этиш борасида қисқача маълумот, Миллий банк ва уни мамлакат иқтисодий тараққиётидаги роли, Қишлоқ хўжалиги тараққиётини қўллаб-қувватлашда ХДТБ фаолияти ҳақида қисқача маълумот, Молиявий лизингда ХДТБнинг фаолияти, Лизинг Ўзбекистонда кичик бизнес лойиҳаларини молияловчи восита сифатида каби мавзуларда тақдимотлар ўтказилди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Ўзбекистонда миллий иқтисодиётни изчил ривожлантириш ҳисобидан жаҳон бозорида рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш, ички бозорни сифатли товарлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётир. Хусусий ишлаб чиқарувчилар ва йирик саноат корхоналари ўртасида кооперация алоқаларининг тобора мустаҳкамланаётгани бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтирмоқда. Буларнинг барчаси Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда яратилаётган қулай сармоявий муҳит, ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий барқарорлик самарасидир. Олиб борилаётган бундай кенг қамровли иқтисодий ислоҳотлар чет эллик ишбилармонлар билан ҳамкорликда кўплаб лойиҳаларнинг муваффақиятли амалга оширилиши, иқтисодиётимизнинг янада юксалиб, халқимиз фаровонлигининг ошишига хизмат қилмоқда.