Хўжайли тумани Тахиатош шаҳридаги «Замирбек Тахиатош» хусусий корхонаси ўз фаолиятини уч киши таркибида савдо йўналиши бўйича бошлаган эди, – деб ёзади telegraf.uz сайти. Унда айтилишича, яқинда жамоа ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, бир йўла брусчатка, шлакоблок ва профнастиль тайёрлашни ўзлаштирди. Бу билан корхонада ишловчилар сони ўн етти нафарга етди.
— Айтиш жоизки, ушбу маҳсулотларга доимо талаб кучли, — дейди тадбиркор А.Ҳасанов. — Зеро, йўлак учун ишлатиладиган бетон брусчатка совуққа чидамли, мустаҳкам, ундан кўп йиллар фойдаланиш мумкин. Шлакоблок арзон, енгил, совуқ кунлари иссиқликни сақлаш, шовқинни ўтказмаслик хусусиятларига эга. Қурилишга кетадиган харажатни 30 фоизга тежайди. Зеро, 12 та ғишт ўрнига битта шлакоблок ишлатилишини ҳисобга олсак, буни англаш қийин эмас. Профнастилни эса ҳам уй томини ёпишда, ҳам девор ёки тўсиқ ўрнида фойдаланиш мумкин. Янги йўналишда иш бошлаганимизда мана шу жиҳатларни инобатга олдик.
Корхона фаолияти кенгайишида банкнинг 200 млн. сўмлик кредити олинди. Айни пайтда бу ерда кунига 16 млн. сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, буюртмачиларга етказиб берилмоқда, – дейди мазкур мақола муаллифлари.