Мазкур мақола qashqadaryogz.uz сайтидан олинган
Вилоят ҳокимлигида “2015-2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастурини ҳаётга татбиқ этишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ўрни ва масъулиятини оширишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида” мавзусида конференция-семинар бўлиб ўтди.
Унда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, назорат ва суд органлари, тижорат банклари вакиллари, шунингдек, Қарши шаҳри ва барча туманлардан таклиф этилган 250 нафардан зиёд тадбиркор иштирок этди.
Тадбирни вилоят ҳокими Зафар Рўзиев олиб борди.
Таъкидланганидек, мустақиллик йилларида мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, иқтисодиётда хусусий мулкчиликни кучайтириш мақсадида салмоқли ишлар амалга оширилди. Тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган мустаҳкам қонунчилик базаси яратилди. Натижада қисқа даврда мамлакат ялпи ички маҳсулотида кичик бизнеснинг улуши сезиларли ошишига эришилди. Тўлиқ давлат ҳимоясида бўлган хусусий сектор мамлакат иқтисодиёти ривожланиши ва жамият фаровонлигининг асосий таянчига айланди.
– Шундай бўлса-да, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича қабул қилинаётган ҳужжатлар ва дастурий чора-тадбирлар механизми амалда ҳар доим ҳам тўлиқ ишлаяпти, деб бўлмайди, – деди Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Музраф Икрамов. – Айрим мансабдор шахслар томонидан тадбиркорлик фаолиятига асоссиз аралашувлар кузатилаяпти. Бу эса салбий оқибатларни келтириб чиқараяпти. Бошқача айтганда, баъзан тадбиркорнинг ташаббуси ҳаётга татбиқ этилмасиданоқ бўғилаяпти.
Жорий йилнинг 10 апрелида бўлиб ўтган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида Президентимиз ишбилармоннинг йўлида ҳеч қандай тўсиқ бўлмаслиги, бу борадаги эскича қарашлардан воз кечиш кераклигини таъкидлаганди. Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони эса бунда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Тадбирда ҳуқуқ-тартибот идоралари ва назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатлаш, хусусий мулкнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашга қаратилган фаолият самарадорлигини ошириш, янги қонунчилик меъёрларининг амалиётга тадбиқ этилишида суд органларининг аҳамиятини кучайтириш ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ рўйхатга олиш, рухсат бериш ва лицензиялаш тартибларини соддалаштириш юзасидан, жумладан, солиқ ва банк операцияларини амалга оширишда давлат органларининг вазифаларига қаратилган масалалар хусусида тўхталиб ўтилди.
Конференция-семинарда вилоят прокурори Салом Самадов, вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Қўчқоров, жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси Абдуқаюм Маҳкамов, вилоят хўжалик суди раиси вазифасини бажарувчи Даврон Эшмуродов, вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Худойберди Холбоев, Адвокатлар палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Хуршида Ўроқова ҳамда бошқа давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, шунингдек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари сўзга чиқдилар.
Маърузачилар нутқларида Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда жаҳон иқтисодиётидаги глобал ўзгаришларни чуқур таҳлил қилган ҳолда амалга оширилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, иқтисодиёт ва унинг тармоқларини янгилаш ва модернизация қилишни кўзда тутувчи ўта муҳим ҳужжатлар ишлаб чиқилгани ва қабул қилинганини таъкидладилар. Бунда иқтисодий ўсишни рағбатлантириш шартлари ҳамда бозор механизмлари аҳамиятини мустаҳкамлаш асосида ишлаб чиқилган 2015-2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастурининг асосий йўналишларига алоҳида эътибор қаратилди.
Конференция-семинар давомида сўз олган ишбилармон доира вакиллари Президентимиз бошчилигида иқтисодиётни ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган ҳамда тасдиқланган дастурий чора-тадбирлар ва қонунчиликнинг янги меъёрлари аҳамиятини алоҳида таъкидлаб, ушбу ислоҳотлар ўзларига тақдим этилган ҳуқуқ ва кафолатларнинг ишончли ҳимояси, хусусий мулк дахлсизлиги ва тадбиркорлик фаолияти ривожига хизмат қилишини билдиришди.
– Мамлакатимиз иқтисодиёти йилдан-йилга юксалаяпти, – деди Китоб туманидаги “Севаз андроникс” корхонаси раҳбари Алишер Бойқораев. – Бунда биз – тадбиркорларнинг ҳам ҳиссаси борлигидан хурсандмиз. Юртимизда бизнес юритиш учун кенг имкониятлар яратилган. Ташаббусларимиз рағбатлантирилаяпти.
Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларни қийнаётган муаммоларга ечим топиш мақсадида ҳар ойда бир маротаба вилоятимиз шаҳар ва туманларидаги ўйингоҳларда қабул ташкил қилинаяпти. Ушбу жараёнда ҳокимлар, банк, солиқ, назорат қилувчи идоралар, статистика ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари билан тадбиркорларнинг бевосита мулоқоти йўлга қўйилди.
Шу ўринда қайд этиш жоизки, ўтказилган конференция-семинар доирасида ҳам давлат, назорат ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда ишбилармон доира вакиллари иштирокида хусусий мулкнинг, тадбиркорлик субъектларининг ишончли ҳимоясини кучайтириш, бу борада учраётган муаммоларни бартараф этиш бўйича очиқ мулоқот ташкил этилди.
Вилоятда тадбиркорликни ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришнинг самарадорлигини оширишга, тадбиркорлик субъектлари, хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган комплекс ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.
Семинарда қайд этилганидек, вилоятдаги назорат органлари томонидан жорий йилнинг январь-август ойларида 433 та тадбиркорлик субъектида режали ва режадан ташқари текширишлар ўтказилиб, улар сони 2014 йилнинг мос даврига нисбатан 70 тага ёки 14 фоизга қисқартирилди. Яратилган имконият ва имтиёзлардан фойдаланган ҳолда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида 2015 йилнинг ўтган даврида 1199 та кичик бизнес субъекти янгидан ташкил этилди ва уларнинг жами сони 16274 тага етди. Ҳозирги кунда рўйхатдан ўтган субъектларнинг 14622 таси ёки 89,8 фоизи фаолият кўрсатмоқда.
Тадбир доирасида ташкил этилган тадбиркорлар ва ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси, давлат органлари, тижорат банклари томонидан тайёрланган стенд ва буклетлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Мутахассислар тадбиркорларни қизиқтирган барча саволларга жавоб қайтаришди.