adolatgzt.uz сайтидан олинган.
Гўзал ва обод диёримизнинг ҳар бир гўшасида юртдошларимиз Истиқлол байрамини муносиб нишонлашга кенг тараддуд кўрмоқдалар.
Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган фуқаролик жамиятининг барча институтлари қатори Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмаси, шаҳар ва туман ташкилотлари томонидан ҳам қувонч билан кутиб олинди.
Ҳақиқатан ҳам мустақиллик йилларида амалга оширилган сиёсий ислоҳотлар мамлакатимиз фуқароларининг эркин фикр билдириш ҳуқуқини мустаҳкамлаб, мамлакатимизда фикрлар хилма-хиллигининг ривожланишига, фуқаролик жамиятининг тараққий этишига кенг имконият яратди.
Мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожлантириш йўлида тўртта сиёсий партия тенг ва кенг имкониятлар, соғлом рақобат муҳити шароитида фаолият олиб бормоқда, бунинг учун мустаҳкам ҳуқуқий асослар яратилган.
Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарорида белгилаб берилган устувор вазифаларни амалга ошириш юзасидан Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши томонидан ишлаб чиқилган режа асосида жойларда “Мустақиллик — бебаҳо неъмат: унинг қадр-қимматини теран идрок этиш ва асраб-авайлаш бош вазифамиздир” мавзусида туркум тадбирлар ўтказилмоқда. Ушбу тадбирларда асосий эътибор Ўзбекистон ўз вақтида машҳур беш тамойилга асосланган ўз тараққиёт йўлини қатъий танлаб олгани ва дунёда “ўзбек модели” сифатида эътироф этилган ушбу ривожланиш стратегиясининг реал натижаларини аниқ таҳлиллар орқали очиб беришга, барча соҳаларда изчил давом этаётган туб ислоҳотлар халқимиз фаровонлиги, ёш авлоднинг бахту саодати, ёрқин иcтиқболи учун хизмат қилаётгани, мустақиллик туфайли инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг олий қадрият сифатида улуғланаётгани, соғлом ва баркамол янги авлодни шакллантириш бўйича илгари тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган беқиёс имкониятлар яратилганини кенг акс эттиришга қаратилаяпти.
Учрашувлар, давра суҳбатларини халқчил руҳда, таъсирчан тарзда ўтказишга партиямиздан давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайланган депутатларимиз, партиямиз фахрийлари ва фаоллари кенг жалб этилган.
Шунингдек, тадбирларни партиямиз электорати вакиллари фаолият кўрсатаётган меҳнат жамоаларида, овул ва маҳалла фуқаролар йиғинларида, олий ва ўрта махсус билим масканлари ёшлари ўртасида ташкиллаштириш диққат марказида бўлмоқда.
Байрам тадбирлари доирасида Кексаларни эъзозлаш йили муносабати билан “Кексаларни эъзозлаш муқаддас бурчимиздир” мавзуида ижтимоий акция ўтказиш ва унда барча шаҳар, туман партия ташкилотлари томонидан ёши улуғ нуронийларни байрам билан табриклаб, кўнглини кўтариш, уларга ҳомийлар кўмагида совғалар берилиши назарда тутилган.
Партиямиз фаоллари ташкилотчилигида ёшлар ўртасида “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним — Ўзбекистоним!” шиори остида ўтказиладиган кўрик-танловларда ёшларнинг Ватанни мадҳ этувчи ижод намуналарига кенг ўрин берилиши, она юртга садоқатни акс эттирувчи расмлар кўргазмаси, “Истиқлол меваси: келажакка соғлом ва баркамол авлод билан” номи остида туркум спорт мусобақаларини ташкиллаштиришни мақсад қилганмиз.