Yangi tarmoqlar

     Қишлоқда саноат ва хизмат кўрсатишни ривожлантиришга, бандликни таъминлашга хизмат қилаяпти 
 
     Бу ҳақдаги хабар qashqadaryogz.uz сайтида берилмоқда. Мақола муаллифларини ёзишларича, статистика маълумотларига кўра, 2014 йилда вилоятимиз миқёсида картошканинг 29 фоизи, сабзавотнинг 34,6 фоизи, полиз маҳсулотларининг 53,4 фоизи, меванинг 59,2 фоизи, узумнинг 59,1 фоизи ҳудудда фаолият юритаётган фермер хўжаликлари томонидан етиштирилган. Ўтган йили ушбу тармоқ ички истеъмол бозорига 3601 тонна гўшт (тирик вазнда), 17772 тонна сут, 8,5 миллион донадан ортиқ тухум етказиб берган. Эътиборлиси, мазкур рақамлар йилдан йилга ошиб бормоқда. Албатта, бу юртимизда аграр соҳани янада тараққий эттириш мақсадида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, бугун ҳақли равишда қишлоқ мулкдорига айланган фермерларга яратиб берилаётган имкониятлар самарасидир.
     – Фаолиятимизни 2012 йилда боғдорчиликдан бошлаганмиз, – дейди Қамаши туманидаги “Асад қора баланд чайла” фермер хўжалиги раҳбари Нурмамат Чўлиев. – Ўтган йили эса бунинг ёнига пахтачилик ва ғаллачилик ҳам қўшилди. 108 гектар майдонда боғ ташкил қилганмиз. Ўрик, олма, шафтоли, қароли каби сархил меваларни етиштираяпмиз. Ҳосилдорлик гектарига 100 центнердан ошаяпти. Шунингдек, 9 гектар майдонни эгаллаган узумзоримиз бор. Бу ерда узумнинг “Ризамат”, “Кишмиш” навлари парваришланаяпти. Келгусида ишимизни янги йўналишлар, хусусан, мевани қайта ишлашни йўлга қўйиш ҳисобидан кенгайтириш ниятидамиз. Чунки кўп тармоқли фаолият – давр талаби. Қолаверса, бу борада яратилаётган кенг шароитлардан фойдаланмасликнинг ўзи нотўғри.
     Дарҳақиқат, сўнгги йилларда айнан фермерлар қишлоқ инфратузилмасини ривожлантиришнинг етакчи кучи сифатида намоён бўлмоқда. Мазкур ишбилармонларнинг тинимсиз саъй-ҳаракатлари, улар илғор тадбиркорлик ғояларини ҳаётга татбиқ этаётгани натижасида чекка ҳудудлар қиёфаси тубдан ўзгармоқда, бу ерларда шаҳарлардагидан қолишмайдиган хизмат кўрсатиш шохобчалари ва замонавий технологиялар билан жиҳозланган ишлаб чиқариш корхоналари вужудга келаяпти.
     – Ҳар йили бирор янгиликка қўл ураяпмиз, – дейди Нишон туманидаги “Сайдалиев Муҳриддин” фермер хўжалиги раҳбари Сайдали Турсунов. – Мисол учун, жорий йил бошида Италиядан қиймати 350 миллион сўмлик ускуна олиб келдик ва сутни қайта ишлашни йўлга қўйдик. Ҳозирги кунда кефир, йогурт, сметана ҳамда 10 турдаги қадоқланган музқаймоқ ишлаб чиқараяпмиз. Маҳаллий ёшларни ишга олганмиз. Бундан ташқари, ўтган йили замонавий типдаги сунъий қопламали футбол майдончасини қуриб, фойдаланишга топширдик. Шу йилдан қишлоқ марказида савдо дўкони, пойабзал тузатиш устахонаси, эркаклар сартарошхонаси, аёллар гўзаллик салонини ўз ичига олган мажмуамизда иш бошланади. Қувонарлиси, меҳнатим қадр топаяпти, фаолиятимиз қўллаб-қувватланаяпти. 2015 йилда Президент соврини учун ўтказиладиган “Ташаббус” кўрик-танловининг вилоят босқичида “Йилнинг энг яхши фермери” деб топилдим. Республика босқичида эса “Менинг Ватаним – менинг фахрим” номинацияси бўйича ғолиб бўлдим.
     Фермернинг сўзларига кўра, ҳар йили хўжалик тасарруфидаги 110 гектар майдонда пахта, 110 гектарда ғалла парваришланаяпти. Шунингдек, 10 гектар майдонда боғ ташкил қилинган бўлиб, бу ерда бодом, ўрик ва беҳи дарахтларидан юқори ҳосил олинмоқда. Чорванинг 50 боши йирик шохли қорамол, 200 боши майда мол ҳисобланади. Тадбиркор паррандачиликда ҳам яхши натижаларга эришаяпти.
     Вилоятимизда кўп тармоққа асосланган фермер хўжаликлари бугун анчагина. Фақатгина қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришда эмас, энди фермер хўжаликларининг саноатдаги, хизмат кўрсатишдаги улуши ҳам салмоқли. Бу мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш ва уларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилган саъй-ҳаракатларнинг кутилган самарасидир, – дейди мақола муаллифи.
            

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.