ЎзАнинг ёзишича, ҳар бир фойдаланувчига шахсий кабинет очиш, кўп бериладиган саволларга батафсил жавоб олиш имкони яратилган. Шунингдек, виртуал қабулхонанинг янги дастурий тизимида фуқароларга қулай бўлган шаклда турли муаммо ва масалалар бўйича малакали юридик ёрдам берилишини таъминловчи «Онлайн маслаҳатчи» модули яратилди. Бу модул «Кўп бериладиган саволлар» бўлими билан ҳамоҳангликда ишлайди.
Виртуал қабулхонадаги яна бир янгилик – мурожаатчиларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш мақсадида «Таъқиб ҳақида хабар» модули жорий қилингани бўлди. Агар кимда-ким ариза ёки шикоят билан мурожаат қилгани туфайли таъқибга учрайдиган бўлса, бу ҳақда махсус тугма орқали тезкор хабар бериши мумкин. Бундай хабарлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини жалб этган ҳолда устувор ва тезкор равишда кўриб чиқилади.