Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан «Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин» шиори остида навбатдаги тиббий-ижтимоий акция бошланди. Унда алоҳида тиббий кўмакка муҳтож аҳоли қатламини тўлиқ қамраб олишга жиддий эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, тиббиёт муассасаларига чиқиш имконияти бўлмаган фахрийлар, беморларнинг уйларига бориб тиббий кўрикдан ўтказиш ва соғломлаштириш чоралари кўрилмоқда. Биргина Миробод туманидаги 3-оилавий поликлиникада 160 дан кўпроқ бемор тиббий кўрикдан ўтказилди.
Маълумотга кўра, ҳафталик мобайнида аниқланган юқори технологияли текшириш ва даволанишга муҳтож беморлар учун август ойининг учинчи ўн кунлигида пойтахтимиздаги ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, илмий-тадқиқот институтлари, етакчи клиникалар ва уларнинг ҳудудий филиалларида «Очиқ эшиклар куни» ўтказилади. Шу куни махсус йўлланма билан ушбу тиббиёт муассасаларига келган беморлар бепул тиббий текширувдан ўтказилиб, даволанади.