Пойтахтимизда «Ўзбекистонда Германия иқтисодиёти куни» мавзуида тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Германия иқтисодиётининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси ҳамда мамлакатимиздаги Германия иқтисодиёти клуби ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда икки мамлакатнинг иқтисодиёт, савдо, сармоя, саноат, энергетика, логистика, банк-молия, муҳандислик, корпоратив бошқарув, қурилиш каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди.
Форумда германиялик ишбилармонларга мамлакатимиз иқтисодиётига инвестиция жалб этишнинг устувор йўналишлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Юртимизда давом этаётган кенг кўламли хусусийлаштириш жараёни, иқтисодиётимизда изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги ўзгаришлар, сармоядорлар учун яратилган қулай имкониятлар билан таништирилди.
Анжуманда икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни, жумладан, сармоя, энергетика, машинасозлик, корпоратив бошқарув, банк-молия, экспорт-импорт каби соҳа ва йўналишлардаги алоқаларни янада ривожлантириш, Германия компанияларини мамлакатимиздаги хусусийлаштириш жараёнига кенг жалб этишга оид масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Манба uza.uz