Фарғона водийси нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Марказий Осиё минтақасида аҳоли энг зич яшайдиган ҳудуд ҳисобланади. Тарихан шундай шаклланган эдики, Ўзбекистон давлат мустақиллигига эришган дастлабки йилларда минтақа аҳолиси ва иқтисодиётини электроэнергия, сув ва бошқа шу каби заҳиралар билан таъминлаш масаласи ташқи омилларга боғлиқ бўлиб қолди. Мустақил ҳаётимизнинг барча жабҳаларида (сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий, шу жумладан энергетика соҳасида) хавфсизликни мустаҳкамлаш бўйича оғир ва таҳликали йилларда минтақа аҳолиси ҳамда иқтисодиёти эҳтиёжини электроэнергия заҳиралари билан таъминлаш асосий муаммолардан бири бўлиб қолган эдики, уни устивор равишда ҳал қилиш эса долзарб масалага айланиб қолишга улгурган эди.
Барқарор энергия таъминотининг мавжуд эмаслиги Фарғона нефтни қайта ишлаш корхонаси, Фарғона фуран бирикмалари корхонаси, “Фарғонаазот”, Қўқон кимё корхонаси, Наманган ва Андижон машинасозлик корхоналари, “Қувасойцемент”, “Андижонбиохим”, озиқ-овқат саноати корхоналари каби минтақанинг йирик ишлаб чиқариш қувватларининг издан чиқишига олиб келди. Фарғона водийсининг уч вилояти кўп сонли аҳолисини, айниқса аёзли қиш ойларида, электроэнергиянинг етишмаслиги ташвишга солар эди.
Айни вақтда, мамлакат бўйича истеъмол қилинадиган барча электроэнергиянинг 20 фоизи истеъмол қилинадиган Фарғона водийсида, ўз ҳудудида электроэнергия ишлаб чиқариш манбалари деярли мавжуд эмас эди. Минтақа томонидан истеъмол қилинадиган электроэнергиянинг салмоқли қисми қўшни Қирғизистондан етказиб берилганлиги сабабли, бу кўпинча ноиқтисодий омилларга боғлиқ бўлиб қолар эди.
Минтақадаги электроэнергия қувватлари етишмаслигини қоплаш учун дастлаб Янги Ангрен иссиқлик электростанцияси – Наманган йўналишида юқори вольтли электр узатиш линияларини қуриш ва фойдаланиш режалаштирилган эди. Мазкур лойиҳани географик ҳамда табиий-иқлимий шароитларда амалга оширишнинг мураккаблиги боис, шу ҳудуднинг ўзида электроэнергия ишлаб чиқариш манбаси – Наманган вилоятида Тўрақўрғон иссиқлик электростанциясини барпо қилиш бўйича муқобил лойиҳа ишлаб чиқилди. Ушбу ҳудудда мазкур иншоот қурилишининг зарурияти соҳа мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон энергия тизимини 2020 йилгача ривожлантириш схемасида асослаб берилган эди.
Шундай мураккаб вазиятда, мамлакат раҳбарияти томонидан минтақада жаҳон стандартларига жавоб берадиган, янги, замонавий энергетика иншоотини қуриш тўғрисида тарихий қарор қабул қилинди. Тўрақўрғон иссиқлик электростанциясининг тарихи 2013 йилдан, яъни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 28 мартдаги ПҚ-1943-сонли “Наманган вилоятида 900 МВт қувватга эга бўлган иссиқлик электр станциясини қуриш тўғрисида”ги махсус қарори қабул қилинган даврдан бошланади.
Лойиҳа қиймати 1,1 млрд.АҚШ долларига тенг бўлган ўзига хос энергетик иншоотнинг қурилиши Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 18 ноябрдаги ПҚ-2069-сонли “Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил инвестиция дастури тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган 2015 йил инвестиция дастурида ҳам кўзда тутилган бўлиб, лойиҳани молиялаштириш Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (Japan International Cooperation Agency – JICA) қарзи, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари, шунингдек энергетика тармоғининг ўз маблағлари ҳисобига амалга оширилди.
Электроэнергетика соҳасига оид Фарғона водийсидаги йирик илк корхона қурилиши Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 7 ноябрдаги ПҚ-2260-сонли “Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясининг қурилиши” лойиҳасини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ бошланди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 30 декабрдаги ПҚ-2709-сонли “Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясининг қурилиши” инвестиция лойиҳасини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ лойиҳани амалга ошириш ишлари жадаллаштирилди.
Тўрақўрғон иссиқлик электростанциясининг ўзига хослиги шундан иборатки, ушбу замонавий энергетик иншоотнинг лойиҳаси Япония халқаро ҳамкорлик агентлигининг (Japan International Cooperation Agency – JICA) баҳоловчи миссияси ҳисоботи асосида шаклланган бўлиб, лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари эса кимошди савдолари ўтказишдан ҳамда жиҳоз ва материалларни етказиб берувчи ташкилотларни аниқлашдан аввал ишлаб чиқилган.
Мутахассислар томонидан лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари ҳисоб-китобларининг бажарилишида айрим ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари тавсифи ва параметрларидан фақат ўхшаш маҳсулотлар сифатида фойдаланилди. Бундан ташқари, техник-иқтисодий асослар ҳажмида Талимаржон иссиқлик электростанциясида амалга оширилмаган қурилиш-монтаж ишлари ҳам кўзда тутилдики, ушбу ишлар Тўрақўрғон иссиқлик электростанциясининг тўлақонли ва самарали ишлаши учун жуда муҳим эди. Булар жумласига сувни кимёвий тозалаш (ХВО) тизими, қозонхона, ишлаб чиқариш оқаваларини комплекс тозалаш тизими (КОПС), очиқ тақсимлаш қурилмаси (ОРУ-220 кВ), гидротехник иншоотлар тизими (отстойник, пульпоотвал, тозаланган сув насоси, қўшимча сув насос станцияси, заҳира конденсат баки (БЗК), ифлосланган конденсат баки (БГК), бак хўжалиги, водород, кислород ва ис газини электролизлаш тизими киради.
Ўзига хос ва мураккаб иссиқлик электростанциясининг қурилишида бош пудратчи – “Mitsubishi Corporation” и “Mitsubishi Hitachi Power Systems” япон компаниялари консорциуми билан бир қаторда, “Трактабелда” хинд компанияси лойиҳани ишлаб чиқишда, “Calik Enerji Sanayi ve Ticaret AS” турк компанияси субпудратчи сифатида иштирок этди. Умумхалқ корхонасининг қурилишида эса 1200 дан ортиқ киши қатнашди.
Ушбу янги замонавий иншоотнинг қурилиши ва фойдаланишга топширилиши натижасида қуйидагиларга эришилди:
- Фарғона водийси минтақасида жами энергетик қувватлар миқдори 313 МВт дан 1212 МВт га ошди;
- Ўзбекистон электроэнергетик хавфсизлиги сезиларли даражада мустаҳкамланди;
- Ўзбекистон ягона электроэнергетик тизимининг хавфсиз ва ишончли ишлаши таъминланди;
- электроэнергия истеъмолчилари эҳтиёжининг барқарор таъминланиши натижасида минтақада, ва умуман мамлакат миқёсида иқтисодий ўсишга, шунингдек ижтимоий ривожланиш ва прогрессга кўмаклашишига эришилди;
- электроэнергия ишлаб чиқариш бўйича замонавий ва самарали технологияларнинг босқичма-босқич жорий қилиниши жадаллаштирилди;
- ёқилғи-энергетик заҳираларидан самарали ва рационал фойдаланиш даражаси кескин ошди.
Тўрақўрғон иссиқлик электростанциясининг республиканинг ўхшаш станциялари олдидаги устунлиги унинг замонавий автоматлаштириш стандартларига мувофиқлигида яққол кўринади. Бугунги кунда станцияда қўриқлаш ва видеокузатувнинг илғор ва ишончли тизими, киберхавфсизликнинг замонавий тизими жорий қилинган. “Рақамли Ўзбекистон 2030” рақамли трансформацияни ривожлантириш бўйича тасдиқланган йўл харитасига мувофиқ корхона ресурсларини режалаштириш тизими (ERP), ишлаб чиқаришни бошқариш тизими (MMS), диспетчерлик назорати ва маълумотларни тўплаш тизими (SCADA), халқаро молиявий ҳисоботлар стандартини жорий қилиш ишлари бошланган.
Ҳозирги кунда станцияда ишлаб турган диспетчерлик назорати ва маълумотларни тўплаш тизими (SCADA) кенг камровли ва юқори унумдорликка эга интеграциялашган платформа бўлиб, у ишлаб чиқаришга оид барча маълумотларни онлайн режимида тўплаш, қайта ишлаш, кузатиш ва таҳлил қилиш ишларини бажаради. SCADA тизими – очиқ платформа сифатида рақамли ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун жуда кўп иловаларни ўзида бирлаштиради. Платформа иловаларни етказиб берувчи тизим сифатида ишлаб, мавжуд маълумотларни, компонентларни ҳамда ташқи маълумотларни ўзгартириш ва қайтадан ишлаш имкониятини беради. Ушбу тизим линияларни тезкор бошқаришга, юқори вольтли линиялардаги авария вазиятларини аниқлашга, ёнғинга ва бошқа шу каби аварияларга қарши чораларни ўз вақтида қўллашга ёрдам беради.
Маълумки, сув электроэнергиянинг асосий манбаи ҳисобланади. Станциянинг кимё цехидаги сув тайёрлаш қурилмаси сувни дастлабки тозалаш, сувни тайёрлаш ҳамда сувни деминерализация қилиш ишларини бажаради. Мазкур цех станция умумий майдонининг қарийб 50 фоизини эгаллайди. Сув тайёрлаш қурилмаларининг самарали ишлаши учун Катта Наманган каналидан олинадиган бирламчи сувни дастлабки тозалаш талаб этилади. Канал суви таркиби, унинг бошланиши ва оқимининг географик жойлашуви сабабли, туз ва минералларга бой ҳисобланади, шу сабабли уни тоза ва оқ кўринишга келтириш бир неча технологик босқичлардан ўтказишни тақозо қилади. Биринчи босқич – сувни қум, лой ва ўсимлик қолдиқларидан тозалаш. Иккинчи босқич – махсус воситаларни қўллаган ҳолда коогуляция усулида сувни оқартириш. Учинчи босқич – оқартирилган сувни механик фильтрлар орқали фильтрлаш.
Станциянинг кимё цехидаги сув тайёрлаш қурилмаси навбатдаги босқичи – бу замонавий модуллардаги микрофильтрлар ёрдамида тозалашнинг технологик схемаларини қўллаган ҳолда сувни жуда ҳам майда элементлардан тозалаш.
Бугунги кунда Фарғона водийсида электр таъминоти бўйича асосий манба ҳисобланган, иккита замонавий ва самарали пар-газ қурилмаларига эга бўлган Тўрақўрғон иссиқлик электростанцияси ҳар суткада қарийб 20 млн. кВт/с электроэнергия ишлаб чиқармоқда.
Электростанция барча ходимларининг (бошқарув, ишлаб чиқариш, ёрдамчи) ўрнатилган замонавий ускуна ва технологик линиялардан тўғри фойдаланиш бўйича фаолиятини талаб даражасида ташкил этилганлиги самараси ўлароқ, Тўрақўрғон иссиқлик электростанциясида электроэнергия ишлаб чиқариш ҳажмлари тизимли равишда, босқичма-босқич ошириб борилмоқда. Агар станция фойдаланишга топширилган 2019 йил давомида 479522,3 минг кВт/с электроэнергия ишлаб чиқарилган бўлса, 2020 йилда эса, карантин чекловлари жорий қилинган бўлишига қарамай, 5573814,0 минг кВт/с ёки ҳар ойда ўртача 464484,5 минг кВт/с электроэнергия ишлаб чиқарилди. Жорий йилнинг I чорагида жами 1814781,4 минг кВт/с маҳсулот ишлаб чиқарилди.
Мазкур замонавий станцияда фойдаланишга топширилган 2019 йилнинг август ойидан буён жами 7868117,7 минг кВт/с электроэнергия ишлаб чиқарилди.
Лойиҳани амалга ошириш жараёнида станцияда ишлаб чиқарилган электроэнергиянинг Наманган вилояти истеъмолчиларига оператив равишда етказиб берилишини таъминлаш мақсадида 220 квт. кучланишга эга бўлган тўртта электрни узатиш тармоқлари ишга туширилди. Қисқа муддатларда қўшни Андижон вилояти истеъмолчиларига узунлиги 100 километрдан ортиқ бўлган иккита электрни узатиш линияси қуриб битказилди.
Тўрақўрғон иссиқлик электростанциясининг фойдаланишга топширилиши муносабати билан замонавий, компьютерлаштирилган ускуна ва жиҳозларни ишлатиш тажрибаси ва кўникмаларига эга бўлган ишлаб чиқариш соҳаси, шу жумладан, электроэнергетика соҳаси бўйича малакали кадрларга эҳтиёж сезила бошланди. Станция дастлаб ишга туширилган кезларда масъул лавозимларга республиканинг бошқа ҳудудларидан мутахассислар жалб қилишга тўғри келди. Мисол учун, иссиқлик станциясининг кимё цехида электроэнергетика соҳасида иш тажрибасига эга бўлган икки нафар мутахассис фаолият кўрсатмоқда. Қўшни Поп туманидан ташаббускор ва малакали ёш кадрларни иссиқлик станциясига ишга таклиф қилинганлиги ҳозирги кунда ўз самарасини бера бошлади. Назарий билимга эга бўлган ёш ва салоҳиятли кадрларнинг ишдаги амалий тажрибасини ошириш орқалигина уларнинг самарали фаолиятини таъминлаш мумкин эди.
Иссиқлик станция мутахассислари малакасини узлуксиз равишда ошириб бориш мақсадида “Устоз-шогирд” шаклида ўқитиш тизими жорий этилди. Станциянинг тажрибали мутахассислари ўзларига бириктирилган ёш кадрларга тўплаган тажриба ва билимларини бериш билан биргаликда, уларга маънавиятли-маърифатли бўлиш, доимо илмга интилиш фазилатларини ўргатмоқдалар. Ўтган қисқа давр ичида бир қатор ташаббускор ёш мутахассислар шаклланиб чиқдики, уларга станциянинг мураккаб участкаларини ишониб топшириш мумкин. Улар орасида смена бошлиқлари Адашев Улуғбек, Хакимжанов Бахром ва Нормирзаев Бахром, сув тайёрлаш қурилмаси аппаратчилари Дадаханов Маъруф, Абдуллаев Хуршид, кимёвий таҳлиллар лаборантлари Имомбердиев Дониёр, Жураева Шахло каби ишчи-ходимларни кўрсатиш мумкин.
Ҳозирги кунда лойиҳани амалга ошириш ишлари давом эттирилмоқда. Навбатдаги вазифалар – ички ва ташқи инфратузилмани яратиш мақсадида ёрдамчи бино ва иншоотларни қуриш, иссиқлик станциясини асосий магистраль йўллар билан боғловчи замонавий автомобиль йўлини қуриш, корхона ходимлари учун зарурий ижтимоий инфратузилма объектларини барпо этиш ва бошқалар.
“Тўрақўрғон иссиқлик электростанцияси” унитар корхонаси Матбуот хизмати