Катта интервью

Тарих, бугун ва келажакни туташтирган ҳамкорлик

2/2021

     Ўзбекистон бугун чин маънода дунё учун очиқ ва яқин қўшнилар, Европа Иттифоқи, АҚШ ва бошқа давлатлар билан мувозанатли ташқи алоқаларга эришишдан манфаатдор. Жумладан, Ўзбекистон билан Германия ўртасидаги муносабатлар тобора ривожланиб бормоқда, олий даражадаги сиёсий мулоқот ҳам, фаол шериклик иқтисодий алоқалар ҳам, яқин маданий-гуманитар алмашувлар ҳам бундан далолат бериб турибди.
     Журналимиз мухбири Ўзбекистон Республикасининг Германия Федератив Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Набижон ҚОСИМОВ билан икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва ривожлантириш истиқболлари ҳақида суҳбатлашди.
 
     – Набижон Содиқжонович, бу йил Ўзбекистон ўз мустақилли­гининг 30 йиллигини нишонлайди. Германия биринчилардан бўлиб Ўзбекистон Республикасини мус­тақил давлат сифатида тан ол­ган. Суҳбатимиз аввалида ўзбек-немис ҳамкорлигининг ривожланиш тарихини эслаб ўтсак…
     – Шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистон билан Германия ўртасидаги дўстона муносабатлар узоқ ўтмишга бориб тақалади. Чунончи, халқла­римиз ўртасидаги ўзаро муносабатлар ҳақида бизгача етиб келган энг қадимий қайдлардан бири – бу германиялик сайёҳ, Бавария ери Тростберг шаҳри фуқароси Йоханнесс Шильтбергернинг XV аср бошига тегишли ёдномасидир. Тақдир тақо­заси билан 1402-1412-йилларда у 10 йилдан ортиқ вақтни Амир Темур ҳамда унинг ўғиллари Мироншоҳ ва Шоҳрух билан бирга ўтказди. Баварияга қайтиб келиб, у Бавария герцоги Альбрехт III салтанатида камергер бўлиб хизмат қилган. Шильтбергернинг турли тилларда қайта-қайта чоп этилган хотиралари туфайли тарихчилар Амир Темур ва Темурийлар империяси ҳақида қимматли маълумотга эга бўлганлар.
     XVIII асрнинг охири – ХIХ асрнинг бошларида буюк немис шоири ва мутафаккири Иоганн Вольфганг вон Гёте ўз асарларида Темурийлар давлати, қадимий воҳа шаҳарлари – Самарқанд ва Бухоро ҳақида ёзган. ХIХ асрнинг ўрталарида эса ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида биринчи немис кўчманчилари пайдо бўлган ва уларнинг ўлкамиз иқтисодиёти, маданияти ва ижтимоий ҳаётининг ривожланишига қўшган ҳиссаси алоҳида аҳамиятга эга. Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда 8 мингга яқин немис миллатига мансуб фуқаролар яшайди. Улар мамлакатимизнинг тенг ҳуқуқли фуқаролари бўлгани ҳолда ўз миллий анъаналари ва маданиятини сақлаб келмоқда ва тарихий Ватани билан алоқаларни сақлаб туришибди.
     Немис тили эса республикамизда ўрганилаётган иккинчи энг оммабоп чет тили ҳисобланади. Бугунги кунда уни 400 мингдан ортиқ ёш ўзбекистонликлар мактабларда ва бошқа ўқув юртларида ўрганмоқда. Эътиборлиси, Германиянинг ДААД академик алмашинувлар миллий хизмати маълумотларига кўра немис тилини ўрганувчиларнинг сони бўйича Ўзбекистон Осиё мамлакатлари орасида биринчи ўринда туради ва ҳатто қарийб бир ярим миллиард аҳолиси бўлган Хитой ва Ҳиндистон каби давлатлардан ҳам олдинда. Тошкент ва бошқа бир қатор шаҳар­ларда немис тилини чуқур ўргатишга ихтисослаштирилган мактаблар мавжуд бўлиб, уларга буюк немис ёзувчилари ва шоирларининг номи берилган. Мамлакатимизда Гёте инс­титути фаол ишлаб турибди, немис тили ўқити­ладиган хусусий тил марказларининг сони кун сайин ортиб бормоқда.
     Умуман олганда, Ўзбекистоннинг Германия билан алоқалари ҳамкор­ликнинг кенг йўналишларини қамраб олган ҳолда анъанавий тарзда кўп қиррали хусусиятга эга. Бугунги кунда мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларда ҳамкорликни мувофиқ­лаштиришнинг барча зарур механизмлари йўлга қўйилган бўлиб, му­ваффақиятли ишлаб турибди, пухта ҳуқуқий база ишлаб чиқилиб, сиёсий мулоқот мунтазамлик касб этган. 1992 йили 6 мартда дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён Ўзбекистон билан Германия глобал ва минтақавий масалалар бўйича хал­қаро тузилмалар доирасида яқин­дан ҳамкорлик қилиб келмоқда.
     Маданият ва таълим соҳаларида самарали алмашинувга эришилган. Тошкент ва Берлин, Бухоро ва Бонн ўртасида ўрнатилган шериклик муносабатлари доирасида қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Ушбу фактларнинг барчаси мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги муносабатлар нафақат муайян сиёсий ёки иқтисодий манфаатлар асосида қурилганлигидан, балки чу­қур тарихга ва кенг ижтимоий асосга эгалигидан далолат беради.
     – Набижон Содиқжонович, мар­ҳамат қилиб, икки томонлама муносабатларимиз ҳозирги кунда қандай ривожланаётганига баҳо берсангиз?
     – Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг очиқ ва жадал суръатдаги ислоҳотлар сиёсати бошланганидан буён биз Ўзбекистон-Германия ҳамкорлигининг янги, мисли кўрилмаган даражада жонланганига гувоҳ бўлдик. Айниқса, бу борада 18 йиллик танаффусдан сўнг Ўзбекистон раҳ­бари Германияга расмий ташриф буюрган 2019 йил тарихга алоҳида муҳрланади. Шундан бир неча ой ўтгач, Германия Федерал Президенти Ф.-В. Штайнмайер Ўзбекистонга жавоб ташрифи билан келди. Ушбу ўзаро ташрифлар турли соҳалардаги ҳамкорликнинг ривожланишига кучли туртки бергани ҳолда икки томонлама муносабатларнинг янги даврини бошлаб берди.
     Маълумки, давлатлар етакчиларининг шахсий алоқалари ҳар доим муҳим аҳамиятга эга бўлиб, улар ўзаро муносабатлар ҳолатининг ўзига хос индикатори ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан 2021 йил 12 март куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан Германия канцлери Ангела Меркель ўртасида бўлиб ўтган онлайн-музокараларни ўрнатилган ўзаро тушунишнинг тасдиғи ва икки томонлама ҳамкорликни изчил ривожлантиришнинг мантиқий давоми сифатида баҳолаш мумкин.
     Мамлакатимизнинг дунёнинг энг йирик иқтисодиётларидан бири ҳи­собланган ва жаҳон сиёсатида етак­чи роль ўйновчи Германия билан ўзаро ҳамкорлигининг бугунги даражаси кўп жиҳатдан Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг, мамлакатимиз янги ташқи сиёсатининг расмий Берлин томонидан тан олиниши ва қўллаб-қувватланиши билан боғлиқ.
     Германия Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда барқарорликни мус­таҳкамлаш, Афғонистонда тинчлик жараёнига кўмаклашиш, Орол фожеасининг оқибатларини юмшатиш борасидаги саъй-ҳаракатларига юксак баҳо бериб, Ўзбекистоннинг Учинчи Ренессанс ғоясини ва мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни фаол қўллаб-қувватламоқда. Германия Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт федерал ва­зирлигининг янги «Стратегия 2030»­ига мувофиқ Ўзбекистон Марказий Осиёдаги ягона ҳамкор мамлакат сифатида танланганлиги ҳам мамлакатимиздаги ислоҳотлар жараёнининг расмий Берлин томонидан қўллаб-қувватланаётганлигининг яққол тасдиғидир.
     Экспертларнинг фикрича, Ўзбекистон аста-секин Германиянинг МДҲ ҳудудидаги асосий ҳамкор­ларидан бирига айланиб бормоқда. Иқтисодий соҳадаги икки томонлама ҳамкорлик сезиларли даражада жа­даллашмоқда, парламентлараро ало­қалар мустаҳкамланмоқда, вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик фаол­лашмоқда, минтақалар даражасидаги ҳамкорлик чуқурлашмоқда. Аввалги йилларда мамлакатларимиз ташқи сиёсий идоралари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувлар икки-уч йилда бир марта ўтказилган бўлса, 2016 йилдан бошлаб бундай учрашувларнинг ҳар йили ўтказилаётгани эътиборга лойиқ. 20 йиллик танаф­фусдан сўнг Маданий ҳамкорлик бў­йича Ўзбекистон-Германия аралаш комиссиясининг мунтазам фаолияти қайта йўлга қўйилди.
     Икки мамлакат ҳукуматлари даражасидаги савдо ва инвестициялар, молиявий-техник ҳамкорлик соҳаси­даги мунтазам маслаҳатлашувлар билан бир қаторда ўзаро ҳамкор­ликнинг қишлоқ хўжалиги ва автомобиль транспорти соҳасидаги ҳуку­матлараро комиссиялар каби янги тармоқ механизмлари ҳам пайдо бўлди. Икки мамлакат тадбиркорлик доираларининг ташаббуси билан тузилган Германия-Ўзбекистон ишбилармонлик кенгаши сезиларли даражада фаоллашди ва ўз сафини кенгайтирди.
     Шунингдек, олий таълим соҳаси­даги ҳамкорликнинг мисли кўрилмаган даражада кенгайганини ҳам катта мамнуният билан таъкидлаймиз. Бугунги кунга келиб Ўзбекистон университетлари томонидан Германиянинг 30 дан ортиқ олий ўқув юрти билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган, сўнгги 4 йил ичида 6 та қўшма ўқув дастури ишга туширилди, бир қатор фанлар бўйича қўшма кафедралар ташкил этилди. Талабалар ва профессор-ўқитувчилар таркиби билан алмашиш ҳажми сезиларли даражада ошди, ҳозирги кунда Германияда мамлакатимизнинг минг нафарга яқин талабаси таҳсил олмоқда. Яқиндан бошлаб ўзбекистонликлар Германияда ўқишнинг яна бир имкониятига эга бўлишди – бу касб бўйича ўқишни муайян корхонада ишлаш билан бирлаштиришни назарда тутувчи дуал асосдаги касб-ҳунар таълимидир.
     Германиянинг SES катта эксперт­лар жамияти линияси бўйича Ўзбекистоннинг турли корхона ва муассасаларига маслаҳат ёрдами кўрсатувчи немис экспертларининг сони сезиларли даражада ошди. 2019 йилдан бошлаб Германия Таълим ва илмий-тадқиқот федерал вазирлигининг вакили Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг юқори даражали мас­лаҳатчиси сифатида узоқ муддатли асосда ишламоқда.
     Албатта, туризм ҳақида ҳам гапирмасликнинг иложи йўқ. Бугунги кунда пандемиянинг авж олиши туфайли тармоқ оғир дамларни бошидан кечираётган бўлса-да, Ўзбекистон ўзининг бой маданий-тарихий мероси билан немис сайёҳлари учун исталган йўналиш бўлиб қо­лишда давом этмоқда. Чунончи, 2019 йилда Германия фуқаролари учун виза режими бекор қилингани­дан кейин мамлакатимизга Германия­дан таш­риф буюрувчи сайёҳлар сони 52 фоизга ошди. Ишончим комилки, карантин чекловлари бекор қи­линиши билан Германиядан Ўзбекис­тонга сайёҳлар оқими яна тикла­нади.
     – Коронавирус пандемияси фонида жаҳон иқтисодиёти турғун­лик ёқасида бўлиб қолди, фаоллик пасайди, кўплаб корхоналар фаолияти тўхтатилди. Буларнинг барчаси Ўзбекистон билан Германия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик кўрсаткичларига қан­дай таъсир кўрсатди?
     – Коронавирус бутун инсоният учун жиддий синовга айлангани сир эмас. Пандемия жаҳон иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатиб, унинг ривожланиш суръатлари кескин паса­йишига олиб келди. Бу мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликка ҳам қисман таъсир кўрсатди. Шу билан бирга бу нафақат ўзаро савдо динамикасини сақлаб қолиш, балки Ўзбекистон экспортининг ҳажмини оширишга ҳам тўсқинлик қилмади.
     Коронавирус инқирози кузатил­ган 2020 йилнинг якунларига кўра икки томонлама товар айирбошлаш ҳажми камайган бўлса-да, статистик маълумотлар Ўзбекистон товарларининг Германияга экспорт ҳажми 13,3 фоизга ошганини кўрсатади. Шу ўринда Германияга экспорт қили­наётган маҳсулотларимиз таркиби ҳам сезиларли даражада ўзгараётганини таъкидлаш зарур – агар аввалги йилларда у ерга асосан хом­ашё етказиб берилган бўлса, энди катта улушни тайёр товарлар банд этган. Масалан, илгари ўзбек тўқимачилиги Германияга асосан ярим тайёр маҳ­сулотлар сифатида тақдим этилган бўлса, эндиликда корхоналаримизда Hugo Boss, Tommy Hilfiger каби дунёга машҳур немис брендларининг буюртмаси бўйича тайёр маҳсулотлар тикилиб, сўнгра улар бутун Европа бўйлаб нуфузли савдо тармоқлари орқали сотилмоқда.
     Шу ўринда Ўзбекистон томонидан ЕИ «GSP+» режими «Умумий преференциялар тизими»нинг бенефициари мақомининг олиниши масаласида Германиянинг қўллаб-қув­ватлашини ҳам миннатдорлик билан қайд этишни истардим. Ушбу мақом мамлакатимизга Европа бозорига божсиз етказиб бериладиган товар позицияларининг сонини икки баробар ошириб, 6200 тага етказиш имконини беради.
     Жорий йилдан бошлаб мамлакатимиз «Import Promotion Desk – IPD» Германияга импортни жадаллаштириш лойиҳасига киритилган, кузда эса Ўзбекистон корхоналарининг экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида маҳ­сулотни сертификатлаш миллий инфратузилмасини ислоҳ қилишга қара­тилган қўшма лойиҳани ишга тушириш режалаштирилган. Ушбу қўллаб-қувватлаш механизм­лари Ўзбекистон маҳсулотларини Германияга экспорт қилиш ҳажмини ошириш учун янги имкониятларни яратади.
     Шуни алоҳида таъкидлашни ис­тардимки, ҳатто коронавирус инқи­розининг энг кескин даврида ҳам Германия бизнеси Ўзбекистон билан инвестициявий ҳамкорликка катта қизиқиш билдирди. Ўтган йили Германия Ўзбекистон иқтисодиётига сармоя киритган инвесторлар орасида етакчилардан бирига айлангани ана шундан далолат бериб турибди – унинг улуши ўзлаштирилган хо­рижий инвестициялар умумий ҳажмининг 14 фоизига яқинни ташкил этди. Агар 1991 йилдан 2016 йил­гача бўлган даврда икки томонлама ҳамкорликнинг бутун муддати мобайнида Ўзбекистон иқтисодиётига киритилган немис инвестицияларининг умумий ҳажми қарийб 700 млн. долларни ташкил этган бўлса, тахминан шунча ҳажмдаги маблағларни (710 млн. доллардан ортиқ) Германия компаниялари мамлакатимизга биргина 2020 йилнинг ўзида киритди. Германия компанияларининг Ўзбекистондаги инвестиция портфели ҳозирги кунда умумий қиймати 6 ­млрд. доллардан зиёд бўлган 112 та лойиҳани ўз ичига олади.
     Мамлакатимизда немис бизнесининг жисмоний иштироки ҳам кенгайиб бормоқда: масалан, агар 2016 йил ҳолатига кўра Ўзбекистонда германиялик инвесторлар иштирокидаги 120 та корхона фаолият кўрсатган бўлса, ўтган 4-5 йил ичида уларнинг сони 200 тага яқинлашди. Ҳатто глобал пандемиянинг мураккаб даврида ҳам Volkswagen, Viessmann, Papenburg, Siemens ва Bosch каби дунёга машҳур немис компаниялари Ўзбекистон бозорига кирди.
     Германия бизнесининг Ўзбекистонга қизиқиши тобора ортиб бораётгани 2020 йилда Тошкентда KfW Германия тараққиёт банки офислари, Германия Савдо-саноат палаталари бирлашмаси ва Кичик ва ўрта бизнес Федерал бирлашмаси ваколатхонасини очиш тўғрисидаги қарорда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Сўнгги йилларда Германия банклари ҳам Ўзбекистондаги лойиҳаларни фаол молиялаштиришни бошлади. Хусусан, ҳозирда Германия банкларининг кредит линияларидан фойдаланилган ҳолда 1,85 млрд. еврога тенг қийматдаги 20 та лойиҳа амалга оширилмоқда.
     – Тараққиётга кўмаклашиш соҳасидаги ҳамкорлик Германия билан Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро муносабатларда муҳим аҳа­мият касб этади. Таъкидлаганингиздек, Ўзбекистон Германиянинг Марказий Осиё минтақасида ягона ҳамкор мамлакати бўлиб қолди. Мазкур йўналишда қайси секторлар/соҳаларда Германия билан ҳам­корлик ривожланмоқда?
     – Бу саволга жавоб берар эканман, аввало, қуйидаги рақамларни келтираман: Германия Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт федерал вазирлиги линияси бўйича Ўзбекистонда лойиҳаларни молиялаштириш ҳажми сўнгги икки йил ичида 12 баробардан ошди, яъни 2016-2017 йилларда 12,3 млн. евро ажратилган бўлса, 2019-2020 йилларда 146,28 млн. евро ўзлаштирилди.
     Шу билан бирга Германия ҳу­кумати томонидан кўрсатилаётган ёрдам бевосита мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнини қўллаб-қувватлаш, аҳо­лининг турмуш шароити ва саломатлигини яхшилашга қаратилган.
     Хусусан, Германия ҳукуматининг ажратилган грантлари ва имтиёзли кредитлари доирасида Ўзбекистонда «Соғлиқни сақлаш секторида ра­қамли ислоҳотларни қўллаб-қувват­лаш», «Оролбўйи минтақасида тиббий хизмат кўрсатишни яхшилаш», «Ўзбекистон ҳудудларида иқтисодий ислоҳотлар ва барқарор иқтисодий ривожланишни қўллаб-қув­ватлаш», «Тиббий таълим ва малака ошириш дастурларини модернизация қилиш», «Касб-ҳунар таълимини қўллаб-қув­ватлаш», «COVID-19га қарши кураш­да соғлиқни сақлаш тизимини қўл­лаб-қувватлаш» каби улкан лойиҳа­ларнинг ҳаётга татбиқ этилиши бошланди. Бундан ташқари Ўзбекистон Германия ҳукумати томонидан молиялаштириладиган бир неча транс­чегаравий минтақавий лойиҳалар­да, хусусан, Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги кооперацияни кучайтиришга қаратилган ҳуқуқий давлатчиликка кўмаклашиш, трансчегаравий савдони кенгайтириш, табиий ресурслардан барқарор фойдаланиш соҳасидаги лойиҳаларда иштирок этмоқда.
     – Марҳамат қилиб, Сизнинг бошчилигингиздаги дипломатик миссиянинг фаолиятида коронавирус пандемияси фонида нималар ўзгаргани ва карантин шароитида Ўзбекистон манфаатларини Германияда намоён этиш саъй-ҳаракатлари қай тариқа кечаётгани ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз?
     – Пандемия бутун дунёга, шу жумладан, Германияга ҳам салбий таъсир кўрсатди: 2020 йил март ойи­нинг ўрталаридан бошлаб Германия ҳудудида қатъий локдаун жорий этилди, шу муносабат билан кўплаб икки томонлама тадбирлар бекор қилинди, маълум вақт мобайнида тўғридан-тўғри транспорт алоқаси бўлмади, шахсий алоқалар тақиқ­ланди ва қаттиқ чекланди.
     Бироқ биз янги воқеликларга тез­да мослашдик: масофадан туриб му­лоқот қилиш имкониятларидан фаол фойдалана бошладик. Бу нафа­қат манфаатдор шериклар билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш жараёнини соддалаштиришга, балки илгари муқаррар бўлган харажатларни: хизмат сафарлари харажатлари ва улар билан боғлиқ вақт сарфларини сезиларли даражада камайтиришга ҳам имкон берди. Ҳозир иш даражасида одатдаги телефон суҳ­батларини ҳи­собга олмаганда кунига камида 5-6 та виртуал учрашув ўтказамиз. Ҳатто ҳукуматлараро музокаралар ва сиёсий маслаҳатла­шувлар ҳам онлайн режимида ўтка­зилмоқда – авваллари буни тасаввур қилишнинг деярли иложи йўқ эди.
     2020 йилда жами германиялик ҳамкорларимиз билан биргаликда 400 дан ортиқ турли тадбирлар, онлайн конференциялар, В2В музокаралари, «виртуал ташрифлар», вебинарлар ва семинарлар ташкил этдик. Аста-секин миқдор сифатга ўтмоқда, биз бундай онлайн тадбирлар давомида эришилган кўплаб шартномаларни амалда рўёбга чиқариш бошлаб юборилганини мамнуният билан таъкидлаймиз. Лекин албатта, онлайн суҳбатлар «жонли» учрашув ва музокараларнинг ўрнини тўлиқ боса олмайди, шунинг учун биз карантин чекловларининг енгиллаштирилишига қараб анъанавий мулоқотнинг қайта тикланаётганидан мамнунмиз.
     – Агар ижозат берсангиз, суҳ­батимизнинг ниҳоясида иккита блиц савол берсам. Германиядаги ишингизнинг энг муҳим йўналишлари қанақа? Ва сиз ишлаётган мамлакат муваффақиятининг ўзига хос хусусияти, гарови нималарда кўринади?
     – Кун тартибимнинг асосий йўналиши мамлакатларимиз ўртасида барча соҳадаги алоқаларни мустаҳ­камлаш ва чуқурлаштиришдан иборат. Истиқболлар деярли ҳамма жойда мавжуд. Шу билан бирга биз учун асосий устувор вазифа албатта, иқтисодий дипломатиядир. Биз немис инвестициялари, илғор технологиялари ва ноу-хаусини жалб қилишдан манфаатдормиз, шунингдек, ўзбек товарларини Германия бозорига экспорт қилишни жадаллаштириш, мамлакатимизга ташриф буюрувчи немис сайёҳларининг сонини ошириш устида ишлаяпмиз.
Германия улкан иқтисодий, илмий ва технологик салоҳиятга, давлат бошқарувининг самарали тизими ва кучли фуқаролик жамиятига эга бўл­ган дунёдаги етакчи давлатлардан бири ҳисобланади. Айни пайтда мамлакат муваффақиятининг гарови би­ринчи навбатда, унинг фуқаролари­дир, аксарият немислар жуда меҳ­наткаш, омилкор ва қонунга итоат қилувчилар бўлиб, фаол фуқаролик позициясига эга.
     – Саволларимизга жавоб бериш учун вақт ва имконият топганингиз учун раҳмат.

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.